Жамият | 00:37 / 03.02.2016
4566
2 дақиқада ўқилади

Тожикистонда 2015 йилда ажрашишлар ҳам, никоҳлар ҳам камайган

Тожикистонда статистика охирги 5 йил ичида биринчи марта ажрашишлар сони камайганини кўрсатмоқда. Бу ҳақда Тожикистон ҳукумати ҳузуридаги аёллар ва оила ишлари бўйича қўмита бошлиғи Идигул Қосимзода журналистларга маълум қилди.

Унинг айтишича, 2015 йилда 8356 та ажрашиш қайд қилинган, бу 2014 йилдагидан 776 та кам бўлган.

Қосимзоданинг таъкидлашича, 2015 йилда никоҳлар сони ҳам камайиб кетган: 2015 йилда 77 минг 20 та никоҳ қайд қилинган, бу 2014 йилдагидан 18 минг 458 та кам бўлган.

Шунингдек, 2015 йилда 89 нафар балоғатга етмаган қиз никоҳ қурган, бу 2014 йилдагидан 20 тага камроқ бўлган. Ўтган йили 179 нафар тожикистонлик аёл хорижликка, асосан Ўзбекистон, Хитой ва Эрон фуқароларига турмушга чиққан.

Қосимзоданинг таъкидлашича, у бошқараётган қўмитада психолог кабинети иш бошлаган, унга 82 нафар киши маслаҳат учун мурожаат қилган, улардан 17 нафари эркак бўлган.

"Аёллар психолог кабинетига уйдаги зўравонлик, эркаклар эса иш йўқлиги ва оилавий муаммолар билан мурожаат қилганлар", деб айтмоқда Қосимзода.