Жамият | 21:21 / 04.02.2016
7644
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон МХХ Тожикистондан 30 кг героин олиб ўтишга уринишнинг тўхтатиб қолди

Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Тожикистондан Ўзбекистон ҳудудига йирик миқдорда наркотик воситаларини олиб ўтиш бўйича навбатдаги уринишга чек қўйилди. Бу ҳақда Ўзбекистон МХХ матбуот хизмати хабар берган.

Хабар қилинишича, 2 нафар оғуфуруш 30 кг миқдоридаги героин моддаси билан Тошкент вилоятининг Бекобод тумани ҳудудида қўлга олинган. Айни вақтда бу ҳодиса бўйича жиноий иш қўзғатилиб, текширувлар олиб борилмоқда.

Февраль ойи бошида Самарқанд вилоятида суд Тожикистондан наркотик моддалар ташувини йўлга қўйган жиноий гуруҳ аъзоларини (8 нафар) 10 йилдан 15 йилгача бўлган муддатларда қамоқ жазосига маҳкум қилганди. Тергов маълумотларига кўра, бу гуруҳ 2015 йилда жами 50 кг миқдоридаги гиёҳванд моддаларни ташиган.

2015 йилнинг декабрь ойи охирида Ўзбекистон махсус хизматлари Тожикистондан Қозоғистонга юк поезди орқали 33 кг миқдоридаги наркотик моддалар партиясини тўхтатиб қолганди.

Ўзбекистон Афғонистонда тайёрланган гиёҳванд моддаларнинг Россия ва Европага олиб ўтилиши йўлида жойлашган бўлиб, ҳар йили Ўрта Осиё орқали 100 тоннага яқин наркотик моддалар олиб ўтилиши айтилган.