Тошкентдаги автобусларда Wi-Fi ишламоқда
Тошкент шаҳридаги автобусларга интернетдан текин фойдаланиш имконини берувчи Wi-Fi ўрнатилиши бошланган. Бу хизматдан биринчи бўлиб "Тошкент" вокзалидан "ТТЗ" бозоригача қатновчи 14-йўналишдаги автобуслар йўловчилари фойдаланишган. Бу ҳақда ижтимоий тармоқдаги "Потребитель.уз" гуруҳи фойдаланувчиси маълум қилган.
Унинг айтишича, автобусдагилар кўпчилик бўлиб Wi-Fi`га уланишган бўлсада, интернет тезлиги яхшилигича сақланиб қолган.
Фотохабар қолдирган фойдаланувчи автобус ичидаги Wi-Fi ҳақидаги эълон суратини ҳам келтирган. Эълонда: "Бу автобусда Wi-Fi бор", дея ёзилган ва уланиш мумкин бўлган тармоқ номи ("WI-FI-BUS") кўрсатилган.
Ижтимоий тармоқдагилар бу янгиликка икки хил муносабат билдиришган. Баъзилар бу хабарни маъқуллашган ва бу хабарни соҳа ривожидаги муҳим хабар сифатида баҳолашган, бошқалар эса "бепул интернетнинг саноқсиз талабгорлари туфайли бу автобусга чиқиш қийинлашиши мумкинлиги"дан хавотир олишган.