Жаҳон | 19:04 / 04.02.2016
6355
2 дақиқада ўқилади

Хитойда гиёҳвандфурушлик билан шуғулланган 15 тожикистонлик ҳукм ўқилишини кутмоқда

Гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланганликда айбланган Тожикистоннинг яна 15 нафар фуқароси Хитой қамоқхоналарида ўз тақдирини кутишмоқда. Бу ҳақда Тожикистон Ташқи ишлар вазири Сирожиддин Аслов 4 февраль куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилган.

Унинг сўзларига кўра, расмий Душанбе дипломатик каналлар орқали уларнинг ўз ватанига экстрадиция қилиниши ва ўлим жазосининг қамоқхона ҳукми билан алмаштирилишига эришиш чораларини кўрмоқда.

Вазирнинг қайд этишича, ТИВ томонидан Хитойда яқиндагина ноқонуний наркотик моддалар савдоси учун қатл қилинган Тожикистон фуқароси Ҳасан Юсуфовга чиқарилган ўлим жазосини бекор қилишни сўраб 2015 йилнинг декабрида уч маротаба нота йўлланган. Бироқ мурожаатларга рад жавоби берилган.

Эслатиб ўтамиз, 2016 йилнинг 28 январь куни Юсуфовга нисбатан чиқарилган ўлим жазоси ижро этилди.

Юсуфов муқаддам Хитойдан Тожикистонга маҳсулотлар етказиб бериш билан шуғулланган. Беш йил аввал эса Хитойнинг Урумчи шаҳрида наркотиклар контрабандаси айби бўйича қўлга олинган ва кейинроқ Хитой суди унга нисбатан ўлим жазосини тайинлаган.