Ўзбекистонда автомобилларда нур қайтаргичли махсус жилет бўлиши мажбурий деб белгиланди
Ўзбекистонда 1 мартдан кучга кирадиган янги таҳрирдаги Йўл ҳаракати қоидаларига кўра, автомобилда тиббиёт қутичаси, ўт ўчиргич ва авариявий тўхташ белгиси билан бирга, нур қайтаргичли махсус жилет бўлиши шартлиги белгиланди.
"Ушбу қоида енгил ва юк автомобили, автобус ва ғилдиракли тракторлар ҳайдовчилари учун мажбурий этиб белгиланди", деб ёзади Газета.uz нашри.
ИИВ ЙҲХББ вакиллари автомобиль учун юқорида кўрсатилган мажбурий воситаларни сотиб олинаётганда уларнинг сертификатлари мавжудлигига эътибор қаратишни ва сотувчилардан маҳсулот сифати ҳақидаги ҳужжатларни талаб қилишни тавсия қилади.
Хабарда таъкидланишича, тиббиёт қутичасини дорихоналардан харид қилган маъқул. Сертификатларга эга тиббиёт қутиси, нур қайтаргичли жилет, авариявий тўхташ белгиси ва ўт ўчиргич кирадиган махсус комплектларни нафақат бозор ва дўконларда, балки автосалонларда ҳам сотиб олиш мумкин.
Шунингдек, ЙҲХББ «Ўзавтосаноат» компанияси билан келгусида республикада ишлаб чиқарилаётган янги автомобиллар комплектациясига тайёр тўпламларни киритиш борасида музокаралар олиб бормоқда.