Жаҳон | 16:32 / 05.02.2016
10231
2 дақиқада ўқилади

Песков Путин ва Эрдўған ўртасида учрашув ўтказилиши ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди

Россия президенти Владимир Путин Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған билан ҳеч қандай учрашув ўтказишни ва алоқага чиқишни режалаштирмаган. Бу ҳақда мамлакат раҳбари матбуот котиби Дмитрий Песковга таяниб хабар тарқатилган.

«Шунингдек, менга қандайдир алоқалар ўрнатилиши режалаштирилаётгани ҳам қоронғу», — дея қўшимча қилиб ўтган Песков.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ҳам Туркия вакили билан ҳеч қандай учрашув ташкил қилишни режалаштирмаётгани ҳақида гапириб ўтганди.

30 январь куни Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон Россия раҳбари билан учрашув ўтказиш кераклиги ҳақида эълон қилганди. Туркия томонининг фикрича, бунинг сабаби Россия ҳарбий самолётларининг “навбатдаги чегара бузиши” қайд этилгани бўлган. Россия Мудофаа вазирлгида ушбу маълумот инкор этилди.

Песковнинг сўзларига кўра, Туркиянинг ушбу таклифи Путинга етиб борган, лекин у бунга эътибор қаратмаган.

Эслатиб ўтамиз, Россия ва Туркия муносабатлари 2015 йилнинг 24 ноябрида Туркия ҲҲКга тегишли қирувчи самолёт Россиянинг Су-24 самолётини уриб туширганидан кейин жиддий инқирозга учради. Путин расмий Анқаранинг ушбу ҳаракатини “ортдан берилган зарба” деб баҳолади.

Шундан кейин Туркияга қарши бир қатор иқтисодий чораларни қўллаш ҳақида қарор қабул қилинди. Озиқ-овқат ва бошқа кўплаб маҳсулот турлари импорти тақиқланди, қурилиш соҳасида ишлаётган Туркия корхоналари фаолиятига чекловлар киритилди.

Суриядаги Россия ҳарбий самолётларини яхшироқ қўриқлаш мақасадида у ерга янги С-400 зенит-ракета мажмуаси олиб келинди. Бомбардимончи самолётлар фақат қирувчи самолётлар кузатувида парвозга чиқадиган бўлишди.