Тошкент Шимолий вокзалидаги почта биносида юз берган ёнғин тафсилотлари маълум қилинди
5 февралга ўтар кечаси «Ўзбекистон почтаси»нинг Тошкентдаги Шимолий вокзалга ёндош ҳудудда жойлашган халқаро филиалида юз берган ёнғин тафсилотлари маълум қилинди. Бу ҳақда «Даракчи.uz» сайти Тошкент шаҳар ИИББ Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси бўлим бошлиғи Бахтиёр Пўлатовга асосланиб, хабар берган.
«Кеча тунги соат 23:00да Шимолий вокзал ёндош ҳудудида жойлашган «Ўзбекистон почтаси» АЖга қарашли халқаро филиалда кучли ёнғин содир бўлди. Воқеа жойига тезкорлик билан 12та ўт ўчирувчи машина сафарбар этилди. Ҳодиса оқибатида 900 кв. метр жой ёнган. 2000 кв. метр ҳудуд сақлаб қолинди. Ўт ўчирувчиларнинг тезкорлиги сабаб эрталабгача ҳам ўчиришнинг имкони бўлмаган жойни йигитлар тез фурсатларда ўчирганини алоҳида таъкидлаш лозим. Ёнғин соат 00:44да тўлиқ бартараф этилди. Дастлабки тахминларга кўра, ёнғин қисқа туташув оқибатида юзага келган. Ҳозирда суриштирув-тергов ишлари бошлаб юборилган», дейди ахборот манбаси.
Ҳодиса оқибатида жабрланганлар йўқлиги айтилган.
Тошкент Шимолий вокзалидаги почта биносида ёнғин содир бўлди