Жамият | 18:09 / 08.02.2016
15120
2 дақиқада ўқилади

Қимматга тушган “қизиқиш”

Давлат божхона қўмитаси Ахборот хизмати берган маълумотларга кўра, Бухоро вилояти божхона бошқармаси томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари билан ҳамкорликда 2015 йилда ўтказилган текзор чора-тадбирларда 127 та божхона қоидабузарликларини фош қилиниб, 8,7 минг донадан ортиқ турли шаклдаги диний адабиётларнинг яширин тарзда олиб ўтилишига чек қўйилди.

Жумладан, Бухоро халқаро аэропортида “Москва-Бухоро” йўналиши бўйича парвозини якунлаган фуқаронинг қўл юклари божхона назоратидан ўтказилганда, унга тегишли ноутбук хотирасида 17 дона диний мазмундаги видеолавҳалар мавжудлиги аниқланди. Экспертларнинг хулосасига кўра, мазкур видеофайллар диний ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган ва уларни Ўзбекистон Республикасига олиб кириш, тайёрлаш ва тарқатиш тақиқланганлиги маълум бўлди.

Диний адабиётларни олиб кириш бўйича амалдаги тартибларга риоя қилмаган ушбу шахс Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан айбли деб топилди ва жазо тариқасида 3 йил муддатга ойлик иш ҳақининг 30 фоизи миқдорида давлат даромади ҳисобига ундирилиб боришлик шарти билан аҳлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

Эслатиб ўтамиз, “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонуннинг 19-моддасига мувофиқ, чет элда нашр этилган диний адабиётларни олиб келиш ва тарқатиш, уларнинг мазмуни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда экспертизадан ўтказилганидан кейингина амалга оширилади. Бундай адабиётларни олиб келиш, сотиш ва тарқатишга Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг рухсати билан йўл қўйилади.