Тожикистон бош прокуратураси давлат тўнтарилишига уриниш далили бўйича терговларни тамомлади
Тожикистон бош прокуратураси республикада давлат тузумини ўзгартиришга уриниш далили бўйича олиб борилган тергов жараёнини якунлаб, тўпланган материалларни дастлабки кўриб чиқиш учун мамлакат Олий судига тақдим этди. Бу ҳақда душанба, 8 февраль куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида ҳарбий прокурор, тергов гуруҳи раҳбари Сафарали Мирзозода маълум қилди.
“199 нафар айбланувчига нисбатан барча материаллар дастлабки кўриб чиқиш учун Тожикистон Олий судига тақдим этилди”, - деди Мирзозола. Унинг сўзларига кўра, сентябр ойида республика Мудофаа вазирининг собиқ ўринбосари Абдухалим Назарзода бошчилигида бўлиб ўтган исёнларда иштирок этганликда гумон қилинган яна 40 киши халқаро қидирувга берилган.
Унинг таъкидлашича, тергов жараёнлари мамлакат миллий хавфсизлигига алоқадор масалалар кўплиги боис “махфийлик” муҳри остида ўтказилган. ТАСС мухбирининг таъкидлашича, биринчи суд ҳукми 9 февраль куни ёпиқ тартибда бўлиб ўтадиган мажлисда чиқарилади.
Эслатиб ўтамиз, 4 сентябрь куни Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳри ва унга туташ Вахдат туманида қуролли босқинчилик уюштирилган эди. Унинг оқибатида 9 милиция ходими ҳалок бўлди ва катта миқдорда қурол яроғ ўғирланди. Ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари мазкур жиноятда собиқ Мудофаа вазири ўринбосари, генерал-майор Абдуҳалим Назарзодани айблашди.
Ҳукумат хабарига қараганда, Абдуҳалим Назарзода юздан ортиқ ходимларни ўз томонига оғдирган ва қўл остидаги ҳарбий қисмлардан қурол-яроғ ўғирлаб, Ромит тоғ дарасига яширинган. 16 сентябрда ниҳоясига етган махсус амалиётлар натижасида жами 30 нафар Назарзода гуруҳи жангарилари йўқ қилинган, 100 нафари ҳибсга олинган.