Ўзбекистон давлат санъат музейида “Буюк тафаккур соҳиблари” номли кўргазма очилди
Ўзбекистон давлат санъат музейида ғазал мулкининг султони Мир Алишер Навоий ҳамда Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуд топган кун муносабати билан “Буюк тафаккур соҳиблари” номли кўргазма очилишига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси маданият ва спорт ишлари вазирлиги маъсул ходимлари, шоирлар, адабиётшунос олимлар ва талабалар иштирок этди.
Анжуманда сўз олганлар икки буюк шахснинг даҳоси ва улар қолдирган бой адабий мерос миллат маънавиятини юксалтиришда беқиёс аҳамиятга эга эканини таъкидлашди. Ўзбек миллий академик драма театри актёрлари Беҳзод Муҳаммадкаримов ва Мадина Мухторова ижросидаги саҳна кўриниши йиғилганларда катта таассурот қолдирди. Анжуманда янграган Навоий ҳамда Бобур ғазалларига басталанган қўшиқлар кўнгилларга хушнудлик бағишлади.
Шундан сўнг, кўргазма расман очилди. Унда тарихий реализм жанрида яратилган, ҳозирда музейда сақланиб келаётган Чингиз Ахмаров, Жавлон Умарбеков, Темур Саъдуллаев, Бахтиёр Бобаев каби таниқли рассомларнинг асарлари намойишга қўйилган. Рассомлар икки буюк сиймонинг моддий ва маънавий оламини чуқур ўрганиб, улар яшаган даврни ифодалашга ҳаракат қилишган. Шунингдек, кўргазмага келганлар XV-XVI асрларга оид турли экспонатлар билан ҳам танишишлари мумкин. Эслатиб ўтамиз, “Буюк тафаккур соҳиблари” номли кўргазма бир ой давом этади.