Тошкентликлар дарахтлар кесилишидан шикоят қилиб Вазирлар Маҳкамасига ёзма мурожаат йўллашди
Бир гуруҳ тошкентликлар 8 февралда Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасига шаҳар кўчаларида дарахтларнинг кесилишидан хавотир билдириб мактуб топширишди.
Бу мактуб остига 46 нафар одам имзо чекди. Улар имзо чекувчиларнинг сони аҳамиятга эга эмаслигини айтишмоқда: "Муҳими, она шаҳримизнинг ташқи кўриниши ва экологик ҳолатига бефарқ бўлмаган одамлар бор. Ва бу одамлар ўз фикрларини билдирмоқдалар".
"Тошкентликлар пойтахтда ва Ўзбекистоннинг кўплаб шаҳарларида дарахтларнинг кесилишидан жуда хавотирланишмоқда. Бунда асосан чинор дарахтлари азият чекмоқда", дейилмоқда мурожаатда.
"Шаҳар кўчалари яланғочланиб қолмоқда, одамлар иссиқда офтобнинг жазирамасида юришга мажбур бўлмоқдалар. Дарахт кесишлар Фарғона, Андижон, Наманган, Самарқанд ва бошқа шаҳарларда амалга оширилган. Амалдорларнинг чинор зарарли дарахт эканлигини айтаётганлари ҳеч қандай танқидни кўтара олмайди. Бу дарахт қимматбаҳо ўсимлик деб тан олинган, у кўплаб давлатларда ўстирилади ва авайланади", дейилмоқда.
Мактуб муаллифларини Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 20 октябрдаги 20-сонли қарорига амал қилмаслик, жумладан тегишли идоралар сайтларида дарахтларни кесишга рухсат реестрларининг йўқлиги ташвишлантирмоқда. Улар бу қимматбаҳо дарахтнинг ёғочига мебелсозлар қизиқиш билдираётган бўлишидан ташвишланмоқдалар. Улар, шунингдек, ўсимликларни ҳимоя қилиш хизматларининг тикланишини талаб қилмоқдалар.
"Ҳар бир дарахтни авайлаш, уларни ўтқазиш ва дарахтзорлар ўстириш вақти келди. Бу иқлимнинг глобал ўзгариши билан боғлиқ муаммоларни юмшатишга ва бизнесни ривожлантиришга хизмат қилади. Чинор тез ўсадиган, инжиқ бўлмаган дарахт. Тадбиркорлар бўш ерларда уларни экиб пул қилаверсинлар, лекин шаҳардаги дарахтларни тинч қўйсинлар. Шаҳарликлар учун асфальт ва бетон орасида баланд бўйли ва шох-шаббалари ёйилиб ўсадиган дарахтлар – ҳаётий заруриятдир", дейилмоқда мурожаатда.
Аввалроқ Change.org сайтида чинорларни кесишни тўхтатиш сўралган Ўзбекистон табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси, Ўзбекистон экоҳаракати ва Тошкент ҳокимиятига йўлланган илтимоснома жойлаштирилганди. Илтимоснома остига 3600 га яқин одам имзо чеккан.
"Ҳукуматга мурожаат қилиш фикри биз, жамият деярли соғлом дарахтлар, биринчи навбатда алоҳида парвариш ва суғоришни талаб қилмайдиган чинорлар кесилаётганини кўраётганимиз сабабли пайдо бўлди. Дарахтлар ўсган жойлар ё бетонланмоқда, ё уларнинг ўрнига бошқа навдаги, кўпинча четдан келтирилган ва ўзини бизнинг иқлимда қандай тутиши номаълум бўлган, ёки деярли соя бермайдиган ва қўшимча парваришни ва сув сепишни талаб қиладиган игнабаргли дарахтлар ўтказилмоқда", деб айтмоқда илтимосномага имзо чекишни ташкил этганлардан бири Фарида Шарифулина.
Вазирлар Маҳкамасига йўлланган мактубга интернет фойдаланувчиларининг илтимосномага билдирган энг муҳим изоҳлари ҳамда мебель ишлаб чиқарувчиларнинг реклама эълонлари илова қилинган.