Фарғоналик фермер қуёшдан энергия олмоқда
2013 йилнинг 1 мартида “Муқобил энергия манбаларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармони эълон қилинганди. Унга мувофиқ, Республиканинг барча минтақаларида муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш борасида бир қатор амалий ишлар қилинмоқда.
Фарғона вилояти Олтиариқ туманидаги “Повулғон бўстони” фермер хўжалигида ҳам қуёш панеллари ёрдамида энергия олинаяпти. “Бу, айниқса, тоғли ҳудудлар ва қир-адирларда боғдорчилик, сабзавотчиликни ривожлантириш имкониятини янада кенгайтиради”, деб хабар беради Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги.
Маълумотларга кўра, айни пайтда кўчатлар қуёш панеллари ёрдамида қудуқдан чиқарилаётган сув билан суғорилмоқда. Электр ва сув таъминотидаги узилишлар бартараф этилган ва ҳосилдорлик ҳам ошган. Фермер хўжалиги раҳбари Дилшод Охунжоновнинг таъкидлашича, бу йил фермер хўжалигида томчилатиб суғориш усули ҳам йўлга қўйилади.
Шунингдек, жорий йилда вилоят ҳудудида 2 та биогаз қурилмаси, 1 та энергия тежайдиган насос ҳамда сув иситиш коллектори қурилиши режалаштирилган.