Жамият | 20:16 / 10.02.2016
22728
2 дақиқада ўқилади

Гулсанам Мамазоитованинг концерти қандай ўтаяпти?

“Мен сизни топгунимча”. Ҳа, ўз йўлини, ўз мухлисларини “топгунича” Гулсанам Мамазоитова қанча тер тўккани ҳақида мухлисларнинг билганидан билмагани кўплиги аниқ. Айтиш керакки, бугун хонанданинг ижодини қадрлайдиган, ҳурмат қиладиган, тан оладиган ва яхши кўриб, тинглайдиганлар кам эмас. Ана шундай ихлосмандлар айни кунларда “Истиқлол” санъат саройига, хонанданинг “Мен сизни топгунимча” номли концертига ошиқмоқда.

Беш кунлик концерт дастурига Гулсанам Мамазоитова жиддий тайёргарлик кўрган. Саҳна декорацияси, либослар, рақслар, ранг-баранг қўшиқлар, созларнинг жонли овози уйғунлиги ва жонли ижро. Ҳар бир детални эътибордан четда қолдирмасликка ҳаракат қилинган.

Айниқса, “Соғлом она ва бола йили”га бағишланган, болалар билан бирга куйланган қўшиқ кўпчиликка манзур бўлди. Болалар белгиланган қўшиқни юксак даражада ижро этишмаган бўлса-да, улардаги беғубор овозлар юракларни забт эта олди. Ҳар ҳолда мазкур саҳнада мана-ман деган айрим “ердаги юлдузлар”нинг жонли қўшиқ айтишга журъати ва имконияти етмаётган бир пайтда бу, албатта, тақсинга лойиқ ҳолат.

Одамлар, жонли ижро завқини ҳис қиладиганлар, концертдан ўзлари қидирганларини топишмоқда. Юрагида ўти борлар айрим шинавандалар эса рақс тушишдан ҳам тортинишмаяпти. Залда илиқ об-ҳаво ҳукмрон, дейиш мумкин.

Орада телебошловчи Аҳрор Қўшматов жонли “Наво” шоу билан залга ўзгача завқ олиб кирди. Одамлар яхши қабул қилишди. Бу ҳам бир янгилик.

Концерт тўрт кун ҳам шундай руҳда давом этадими-йўқми, якунда билиб оламиз. Сайт ходимлари жараённи кузатиб боради.