Жаҳон | 20:33 / 11.02.2016
12519
2 дақиқада ўқилади

"Титаник" кемасини тўлиқ такрорловчи кема 2018 йилда ўзининг биринчи саёҳатини бошлайди

2018 йилда Машъум "Титаник" кемаси чўкиб кетгандан кейин 106 йил ўтиб, уни деярли тўлиқ такрорловчи "Титаник 2" кемаси ўзининг биринчи саёҳатини бошлайди.

Бу кема австралиялик миллиардер Клив Палмер ва унинг Blue Star Line компанияси саъй-ҳаракатлари эвазига яратилмоқда.

Кема ташқи томондан оригинал кемадан деярли фарқ қилмайди, бироқ 4 метрга энлироқ ва кема корпуси ўтмишдагидек болғалаш билан эмас, балки замонавий хавфсизлик стандартлари талаб қиладигандек пайвандлаш усули билан тайёрланган.

Кема бортида 900 нафар экипаж аъзоси, 2400 йўловчи жойлаша олади, улар ихтиёрига кемада 840 та каюта манзур бўлади. Бу кемада биринчилардан бўлиб саёҳат қилишни истовчилар ҳозирданоқ Blue Star Line компанияси билан боғланиб, кеманинг биринчи рейси йўловчиси бўлиш учун 1 млн долларгача пул таклиф қилишмоқда.

"Титаник 2" ўзининг ўтмишдошидан фарқли, етарлича қутқариш қайиқлари ҳамда йўлдошли навигация ва радарлар билан жиҳозланган.

Эҳтимол, янги "Титаник" ўзининг биринчи саёҳатида аввалги кема билан салбий алоқа бўлмаслиги мақсадида, у каби Саутгемптондан Нью-Йоркка эмас, балки шарқий Хитойдан Дубайга йўл олади.