Жамият | 21:38 / 12.02.2016
29609
4 дақиқада ўқилади

Бобурнинг набираси билан эсдалик сурат (АҚШдаги ҳаётий воқеа)

"Катта олма" шаҳрининг кичик оролчаси одамлар билан доимо гавжум бўлган Нью-Йоркнинг Манҳеттен шаҳарчасида ишлаганим боис, турли-туман воқеа ва ҳодисаларнинг тез-тез гувоҳига айланиб тураман. Бугун ишхонамда бўлиб ўтган кўнгилхираликдан сўнг уйга отланар эканман, тушкун кайфиятдан бир оз ўзимга келиб олиш мақсадида кўчанинг нариги томонидаги мўъжазгина қаҳвахонага йўл олдим.

Қаҳвахона доимгидек мижозлар билан тўла. Кўзим қаҳвахонанинг бир бурчагида, 5-6 ўспирин ёнидаги бўш ўриндиққа тушди. Ўриндиқдан жой эгаллар эканман ёнимдаги йигит-қизларнинг "байрамда нима қиламиз"деган сўзлари қулоғимга чалинди. Ҳа, 14-февраль АҚШда "Авлиё Валентин куни" кенг нишонланади ва бу ҳеч кимга сир эмас, дея уларга кўз қирида разм солдим. Уларнинг юзидаги табассум ва байрам ҳақидаги суҳбатидан улар ҳам кўплаб маҳаллий ёшлар сингари айнан ўша байрам ҳақида сўзлашаётганини пайқаб олиш қийин эмас, дея ўзимча хулоса қилдим.

Хаёллар узоқларга олиб кетибди. Бир пайт "ўзбекистонлик...", "Ўзбекистон..." деган сўздан сесканиб хиёл атрофга қарадим. Ёнимдагилардан бири ватаним номини яна бир бор тилга олганини бу сафар аниқ эшитиб, ўзим билмаган ҳолда суҳбатга қўшилдим.

- Кечирасиз, Ўзбекистон дедингизми?

Уларнинг барчаси менга ялт этиб қаради.

- Ҳа! Сиз ўзбекистонликмисиз?

Буни сўраган қотмадан келган, юзидаги сепкиллари ўзига ярашиб турган ёши чамаси 16-18 атрофидаги кўзойнак тақиб олган қиз эди.

- Ҳа. Бирор ёрдамим керакми?

- Бобурни танийсизми?, - дея шошиб сўради сепкилли қизга ҳам сўз бермасдан унинг ёнидаги йигит.

- Қайси Бобурни?

Ҳеч нарсага тушунмай сўрадим.

- Заҳириддин Муҳаммад Бобурни-да-, деди ўзига ярашган бир талаффуз билан.

- Э, ҳа, Мирзо Бобурними? Албатта, уни ким ҳам танимайди дейсиз.

- Унда сиз бизга Бобур ҳақида айтиб бера оласизми? Бизга кўпроқ маълумот керак эди. Айни дамда дўстларим билан интернетдан Бобур ҳақида маълумот қидираётган эдик. Сабаби, эртага коллежимизда катта байрам, "тарихлар куни" ва биз айнан Бобур ва униниг тарихи ҳақида бошқа ўқувчиларга маълумот бермоқчи эдик.

- Майли, унда сизларга ўзим билганимча қисқача гапириб бераман. Уларга Мирзо Бобур ҳақида билганларимни гапирар эканман, улар сўзимга диққат билан қулоқ солишар ва керакли саналар ва маълумотларни ёзиб олишар эди.

Уларга юртимиз мустақилликка эришгач, аждодларимиз тарихига эътибор кучайгани, Бобур ва бошқа бир қанча буюк аждодларимизниниг номи айнан мустақиллик шарофати билан қайта жонлангани, бугунги кунда юртимизда Бобурнинг тарихи мактаб дарсликларидан ўрин олганлиги, кўчаларимиз, қишлоқларимиз, кўплаб истироҳат боғлари Бобур номи билан аталгани бежиз эмаслиги, ундан ташқари бу йил юртимизда ўзбек мумтоз адабиётининг буюк намоёндаси, шоир ва саркарда Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 533 йиллиги нишонланаётгани ҳақида сўзлаб, кеч тушиб қолганини ҳам сезмай қолибман.

Шундан сўнг, суҳбатдошларимга етарли маълумот беролмаган бўлсам узр, дея кетишга шайландим. Улардан бири эсдалик учун суратга тушишни таклиф қилди.

Суратимизни йигитлардан бири ўзининг Instagram саҳифасига жойлар экан, унинг остига "Бобурнинг Набираси билан эсдалик сурат", дея изоҳ ёзишни унутмади.

Қаҳвахонани тарк этар эканман, менда тушкун кайфиятдан асар ҳам қолмаганди. Аксинча, кўксимни зўр ифтихор қоплаган эди. Ўз юртини қўйиб, Ҳинд сори юзланган Мирзо бобомизнинг чархи кажрафтор қаршисида юзи қаролиғ эрмас, чеҳраси нурафшонлик, ёруғлик билан тўлганлигини англадим. Мен буюк тарихга эга, келажаги буюк бўлган ўзбегимнинг фарзанди эканлигимдан фахрланиб кетдим ва океан ортида бўлишимга қарамасдан, айнан 14 февраль кунини буюк аждодимизниг таваллуд айёмини ўзгача байрам сифатида кутиб олишга қарор қилдим.

Шахриёр Амонов,
АҚШ, Манҳеттен