Виктор Янукович Transparency International сайтидаги овоз бериш натижасига кўра жаҳоннинг бош коррупционери деб топилди
Украина собиқ президенти Виктор Янукович дунё бўйлаб коррупцияга қарши курашувчи ва коррупция даражасини ўрганувчи ноҳукумат халқаро ташкилоти Transparency International’нинг сайтида ўтказилган ва 10 февралда якунланган онлайн-овоз бериш натижаларига кўра жаҳоннинг бош коррупционери деб аталди. "Коррупционердан ниқобни еч" деб номланган бу кампания давомида Януковичга 13210 нафар фойдаланувчи овоз берди.
2-ўринга Бразилиянинг нефть қазиб олувчи Petrobras компанияси қўйилди (11900 овоз). Антирейтингнинг етакчи учлигидан Панаманинг собиқ президенти Рикардо Мартинелли ва унинг сафдошлари ҳам ўрин эгаллади (10 166 овоз).
Сайтга ташриф буюрувчилар дастлаб жаҳондаги коррупция билан боғлиқ ҳаддан ташқари куракда турмайдиган 15 та ҳодисани танлашди. Рўйхатдан алоҳида амалдорлар ҳам, ташкилот ва компаниялар, ҳаттоки давлат тизимлари ҳам ўрин олди. Бунда танлов қуйидаги мезонлар бўйича амалга оширилди: коррупция учун жазоланмаслик, катта кўламдаги коррупция таърифи билан энг кўп ўхшашлик, унинг халқаро тавсифи.
Украинада Януковичга нисбатан давлат мулкини ўзлаштириш айблови билан жиноий иш қўзғатилган. Transparency International ташкилоти Янукович тузумини таърифлаб, "Янукович бир неча миллиард долларлик виллада яшагани, давлат корхоналарига тегишли миллионлаб долларларнинг шахсий чўнтакларга тушишига имкон бергани ва талон-тарожликда айбланишидан олдин Россияга қочиб кетганига" ишора қилади. Унинг "Межигорье" қароргоҳида топилган "олтин батон" Украина ва жаҳондаги коррупция рамзига айланди.