Жамият | 17:45 / 13.02.2016
23726
1 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон халқ ҳофизи Ўлмас Саиджонов вафот этди

Ўзбек маданияти ва санъати оғир жудоликка учради. Ўзбек миллий мумтоз қўшиқларининг моҳир ижрочиси, ноёб овоз соҳиби, Ўзбекистон Республикаси халқ ҳофизи Ўлмас Саиджонов касаллик туфайли 65 ёшида вафот этди. Дафн маросими эртага, 14 февраль куни ўтказилади.

Мазкур хабарни “Ўзбекнаво” миллий эстрада бирлашмасининг расмий вакили Одил Абдуқаҳҳоров ҳам тасдиқлади.

Маълумот: Ўлмас Саиджонов 1951 йил 10 январда Қашқадарё вилоятининг Китоб туманида туғилган. Абдулла Қаҳҳор номидаги 48-мактабда ўқиган. 1974 йилда Қарши давлат педагогика институтини ва 1981 йилда Тошкент давлат ирригация ва мелиорация институтини тамомлаган. 1969 йилда ёш ижрочилар республика кўрик-танловида ғолиб бўлган. Вафотига қадар Ўзбекистон Республикаси маданият ва спорт ишлар вазирлигига қарашли Бадиий жамоалар ижодий бирлашмаси раҳбари бўлиб ишлаган.

Сайт жамоаси мархумнинг оила аъзоларига чуқур ҳамдардлик билдиради.