Жаҳон | 06:57 / 13.02.2016
5897
2 дақиқада ўқилади

Шимолий Корея етакчиси Apple компьютерларини хуш кўришда гумон қилинмоқда

Интернет фойдаланувчилари Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Инни фотосуратларда мамлакатнинг қуролли кучлари томонидан ишлатилувчи компьютерлар қуршовида кўришга кўникиб қолишган. Бу компьютерлар ташқи кўринишидан одатда оддийгина дизайнга эга офис компьютерларидир.

Бироқ Kotaku нашрининг таъкидлашича, Ким Чен Ин АҚШга нисбатан нафратланиши ҳақида гапиришига қарамасдан, Apple компанияси компьютерларини хуш кўришининг бир қатор исботи мавжуд.

Мисол учун, 11 февралда Reuters ахборот агентлиги мухбири Жеймс Пирсон Шимолий Корея етакчисининг MacBook Pro ноутбуки олдида ўтиргани фотосурати билан бўлишди.

Шунингдек, Ким Чен Ин АҚШ компаниясининг бошқа техникаси ёнида ўтиргани тасвирланган бошқа фотосуратлар ҳам мавжуд.

2014 йилда Gizmodo портали ҳам Шимолий Кореянинг шахсий Red Star операцион тизими Mac OS операцион тизимини майда-чуйда жиҳатларигача такрорлашига эътиборни қаратганди.

Gizmodo фикрича, Ким Чен Иннинг Mac’ни хуш кўриши унга отасидан ўтган. Шимолий Кореяда сафар қилишга муваффақ бўлган Google директорлар кенгаши раиси Эрик Шмидт Шимолий Кореянинг собиқ президенти Ким Чен Ир билан "ноутбуклар борасида бир хилда дидга эга эканликларини" сўзлаб берганди. Улар учрашган вақтларида иккаловлари ҳам 15 дюймли MacBook Pro ноутбукидан фойдаланишар эди.