Жамият | 22:49 / 16.02.2016
15332
1 дақиқада ўқилади

Жавоҳир Зокиров Голливудда тажриба оширган режиссёрнинг тарихий фильмида суратга тушмоқда

Ўзбекистонлик таниқли актёр Жавоҳир Зокиров "Улуғбек" номли янги тарихий фильмда суратга тушмоқда. Унинг ўзи Фейсбукдаги саҳифасида тарихий сиймо кўринишидаги суратини жойлаштирган.

У журналист Феруз Муҳаммадга берган интервьюсида бу сурат "Улуғбек" номли янги тарихий фильмга оидлиги, ўзи бу картинада Абдулатиф ролини ижро этаётгани ҳақида айтган. Актёр фильм ҳақида батафсил маълумот бера олмаслигини билдирган.

Жавоҳир Зокировнинг Twitter ва Instagram ижтимоий тармоқларидаги саҳифаларида Хивадаги суратга олиш ишлари жараёни акс этган кўплаб суратлар ва видеолар эълон қилинган.

Суратлардан кўриш мумкинки, фильмга Голливудда ижод қилиб, тажриба орттирган ўзбекистонлик Баҳодир Йўлдошев режиссёрлик қилмоқда.

Шунингдек, сурат ва видеоларда актёр Маъруф Отажоновни ҳам кўриш мумкин. У фильмда Амир Темур ролини ижро этаётгани тахмин қилинади.

Суратга олиш жараёнидан олинган бошқа суратлар "Одноклассники.ру" ижтимоий тармоғида ҳам тарқалган.