Жаҳон | 09:49 / 22.02.2016
17517
2 дақиқада ўқилади

Қурол-аслаҳа экспорти бўйича етакчи давлатлар рўйхати эълон қилинди

Дунё муаммоларини тадқиқ қилиш Стокгольм институти маълумотларига кўра, АҚШ ва Россия қурол-аслаҳа сотиш ҳажми бўйича етакчилик қилмоқда, деб хабар бермоқда RNS нашри.

Таъкидланишича, АҚШ 2011-2015 йиллар давомида бош қурол-аслаҳа экспортчиси бўлиб қолган, унинг умумий экспортдаги улуши 33 фоизни ташкил қилган. Россиянинг улуши камроқни ташкил қилиб, 25 фоизга тенг бўлган. Институт маълумотларига кўра, АҚШ қурол-аслаҳа экспортининг охирги 5 йил ичидаги ҳажми 27 фоизга, Россияники 28 фоизга ўсган.

Россия 2011-2015 йиллар давомида 50 та давлатга қурол-аслаҳа сотган. Россия қурол-аслаҳасининг асосий харидорлари Ҳиндистон (39 фоиз), Вьетнам ва Хитой (11 фоиздан) ҳисобланади.

Яқин Шарқ ва Жануби-Шарқий Осиё давлатлари бош қурол-аслаҳа импортёрлари ҳисобланади. Вьетнам хориждан сотиб оладиган қурол-аслаҳа ҳажмини 699 фоизга оширган ҳамда бу борада мутлақ етакчига айланган. Ундан кейин Саудия Арабистони (275 фоиз ўсиш), Қатар (279 фоиз), Озарбайжон (217 фоиз) ва Ироқ (83 фоиз) келмоқда. Бу орада Европа давлатлари қурол-аслаҳа импортини 41 фоизга қисқартирган.


Дунёнинг қурол-аслаҳа импортёр давлатларининг етакчи ўнталигидан 6 та Жануби-Шарқий Осиё давлати жой олган бўлиб, улардан Ҳиндистон ҳисобига умумий қурол-аслаҳа импортининг 14 фоизи, Хитойга 4,7 фоизи, Австралияга 3,6 фоизи, Покистонга 3,3 фоизи, Вьетнамга 2,9 фоизи, Жанубий Кореяга 2,6 фоизи тўғри келади.

Аввалроқ Россиянинг 2015 йилдаги қурол-аслаҳа экспорти портфели рекорд даражадаги 55 млрд долларни ташкил қилгани маълум қилинганди.