Россия ва Украина ўз ҳудудларидан юк машиналари ҳаракатланишининг тўлиқ тикланишига келишиб олдилар
Россия ва Украина ўз ҳудудларидан 25 февралдан юк машиналари ҳаракатланишининг тўлиқ тикланишига келишиб олдилар, дейилмоқда Россия транспорт вазирлиги хабарида.
Маълум қилинишича, Россия транспорт вазирлиги ва Украина инфратузилма вазирлиги юк машиналари ҳаракатланиши, жумладан транзитнинг тўлиқ тикланишига келишиб олдилар.
24 февралда Украина бош вазири Арсений Яценюк Украина инфратузилма вазири Андрей Пивоварскийнинг Россия давлат рақамларига эга юк машиналарининг Украина ҳудуди бўйлаб яна ҳаракатланишига рухсат бериш таклифини қўллаб-қувватлади. Уларнинг ҳаракатланиш вақтидаги хавфсизлигини таъминлаш вазифаси Украина ички ишлар вазирлиги ва миллий полицияга юклатилди.
Украинада Россия юк машиналари ҳаракатланиши дастлаб Украинанинг "Ўнг сектор" ва "Эркинлик" миллий партияси радикаллари томонидан тўсилган. 11 февралда улар Украинанинг ғарбий чегарасидаги йўлларни тўсишган. Бу акция Закарпатьеда бошланган ва секин-аста Украинанинг Ровнен вилояти, Житомир, Львов шаҳарларига тарқаган. Украинанинг турли ҳудудларида 150 тага яқин юк машинаси ҳаракатланиши тўсиб қўйилган. Россия бунга жавобан ўз ҳудуди бўйлаб Украинада рўйхатдан ўтган юк машиналари ҳаракатланишини тўхтатди, бу эса Украина ҳукуматига Россия юк машиналарининг Украина бўйлаб ҳаракатланишига расмий тақиқ киритишига сабаб бўлган.