Жаҳон | 00:35 / 26.02.2016
19498
3 дақиқада ўқилади

Амир Темур қўмондонларининг дунёда биринчи биографияси тикланди

Россиянинг Новосибирск Давлат университети (НДУ) мутахассислари дунёда биринчи бўлиб соҳибқирон Амир Темурнинг 12 нафар энг кучли қўмондонининг ҳарбий биографияларини тиклашди. Бу ҳақида НДУнинг гуманитар тадқиқотлари лаботориясининг илмий ходими, тадқиқот муаллифларидан бири Леонид Бобров хабар берди.

“Дунё илмида фақатгина буюк шахслар – Напалеон ва Чингизхонни эмас, балки, уларнинг қўмондонларини ҳам ўрганишади. Напалеоннинг маршали, Чингизхоннинг бош ҳарбий қўмондонига бағишланган юзлаб ишлар бор. Лекин шарқнинг энг буюк соҳибқирони Темурнинг қўмондонлари ҳақида ҳеч қандай иш бўлмаган”, - дея олимнинг сўзларини келтиради ТАСС агентлиги.

Бобровнинг сўзларига кўра, бундай ишларнинг йўқлигига сабаб, биринчи ўринда сиёсатчи ва давлат арбоби, кейин эса қўмондон саналган Чингизхондан фарқли ўлароқ, Амир Темур ўзининг барча иттифоқчиларини асраб, кўплаб юришларни шахсан ўзи амалга оширган. Мавжуд манбаларни изчиллик билан ўрганиш натижасида шу нарса маълум бўлдики, кўплаб самарали ҳарбий кампанияларни Темур катта ишонч билдирган қўмондонлар амалга оширишган.

“Айни дамда биз ўрганаётган иш шу инсонларнинг биографиясига қаратилган. Улар орасида ҳозирги ҳарбийларга ҳам чинакамига намуна бўла оладиган атоқли қўмондонлар бўлган. Уларнинг таржимаи ҳоли XIV асрнинг энг кучли армиясида ҳарбий тушунча қандай ривож топганини билиб олиш мумкин”, - дея қайд этди тарихчи.

Ўн икки қўмондон 
Бобровнинг сўзларига кўра, Соҳибқирон қўмондонларини уч гуруҳга бўлиш мумкин.

Биринчи гуруҳ, бу “иқтидорли қўмондонлар” бўлиб, соҳибқироннинг ўзи уларда иқтидорни қўриб танлаб олган инсонлар.

Иккинчи гуруҳ, “мансаб бўйича қўмондонлар”. Бу ҳарбий амалдорлар Темур қўмондонларининг қўшини ва мансабини мерос қилиб олган фарзандлар ҳисобланади.

Учинчи гуруҳ эса “туғма қўмондонлар”. Темурнинг ўзи томонидан тарбия ва таълим берилган меросхўрлари.

Новосибирсклик тарихчиларнинг китоби 2016-2017 йилларда чоп этилади ва у Жаҳоншоҳ-баҳодирга бағишланади.

Уларнинг фикрича, бу китоблар ўзбек ва қозоқ тарихчиларига қизиқарли бўлади. Чунки қўмондонларнинг авлодлари ҳозирги кундаги Қозоғистон ва Ўзбекистонда истиқомат қилишади.