Ўзбекистон | 21:29 / 26.02.2016
14075
2 дақиқада ўқилади

Azur Air авиакомпанияси Тошкентда самолётининг фавқулодда қўнишига изоҳ берди

26 февралда Тошкент аэропортида фавқулодда қўнишни амалга оширган самолёт эгаси Azur Air авиакомпаниясида фавқулодда вазиятда учувчилар амалга оширган ҳаракатлар тўғри бўлгани айтилди. Бу ҳақда "Рамблер.Путешествия" нашрига компаниянинг жамоатчилик билан алоқалар бўйича директори Анастасия Матюшина маълум қилди.

"Самолёт ҳужжатлари қўлланмасига кўра, учувчилар самолётни бундай турдаги самолётни қабул қила оладиган яқин орадаги аэропортга қўндириб, бу вазиятда тўғри қарор қабул қилишган. Самолёт ишчи тартибда қўндирилган", деб айтди Матюшина.

Матюшинанинг айтишича, рейсдаги 327 йўловчи иккита захира самолётларининг келишини пойламоқдалар. Бу самолётлар уларни Пхукетга етказади. Уларга егулик ва ичимлик берилган. Матюшина иккита Boeing 757-200 самолёти парвозга шай турганини, бироқ авиакомпания Пкухетгача йўлда жойлашган Ҳиндистон, Покистон ва бошқа давлатлар тегишли идораларидан учиб ўтишга рухсат берилишини кутмоқда.

Аввалроқ Москвадан Таиланднинг Пхукет оролига учиб кетаётган Boeing 767-300 самолёти Тошкент аэропортида фавқулодда қўниш амалга оширгани маълум қилинганди. Дастлабки маълумотларга кўра, самолёт двигателда мойнинг камайиб кетганидан огоҳлантирувчи датчикнинг ишлаб кетганидан кейин қўндирилган. Россиянинг Енисей транспорт прокуратураси ушбу воқеа юзасидан парвозлар хавфсизлиги ҳақидаги қонуннинг бажарилишини текширишни бошлади.