Жаҳон | 19:09 / 02.03.2016
20905
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда писта етиштириш буғдойдан 50 баробар фойдали

“Ўзбекистон ҳудудида писта етиштиришнинг истиқболлари” мавзусида Республикамизда писта етиштириш бўйича тажриба алмашиниш учун “айлана стол” атрофида бўлиб ўтган йиғилиш Ўзбекистонда тадбиркорлик ва фермер хўжаликларини қўллаб-қувватлаш Маркази ва Глобал экологик жамғарманинг кичик грантлар Дастури ташаббуси билан ташкил этилди.

Иштирок этган олимлар, селекционерлар ва фермерлар писта навлари плантацияларини яратиш борасидаги фикр ва таклифларини билдирдилар, деб хабар беради "UzReport".

Музокара сўнгида иқлимнинг исиб кетиши ва қуруқлигининг ошиши шароитида писта етиштириш истиқболлироқ ва иқтисодий фойдалироқ деган якдил хулосага келинди. 

Писта плантациялари учун Тошкент, Жиззах, Самарқанд, Қашқадарё, Наманган, Андижон ва айниқса Сурхондарё вилоятларининг тоғ олди лалми ерлари мос келади.

Ерлари қуруқ ҳудудлар учун писта етиштириш ердан унумли фойдаланишни йўлга қўйиш билан бир қаторада аҳоли турмуш тарзининг яхшиланишига ҳам сабаб бўлиши мумкин.

Писта етиштиришдан олинадиган фойда нўхот маҳсулотлари етиштиришдан 28 баробар, полиз маҳсулотларидан 9 баробар ва буғдой етиштиришдан 50 баробар даромадлироқдир.

Етиштириш ҳудудлари жиҳатдан пистанинг асосий рақиби – чорвачилик келтирадиган даромад писта етиштиришдан олинадиган фойданинг бор-йўғи 4,5 фоизини ташкил этади.

Пистанинг кучли илдизлари тупроқ ва сувни муҳофаза қилиш хусусиятига эга.

Писта дунё бўйлаб севиб истеъмол қилинади ва жаҳон бозорида ёнғоқ ва бодомдан 3-4 баробар қиммат сотилади. Кондитерлик саноатида, колбаса ишлаб чиқаришда ва бошқа диетик маҳсулотлар таркибида фойдаланилади. Бу рўйхатга пистанинг фармакологияда, тери ошлаш саноатида, қатронлар ва самолёт қурилиши учун юқори сифатли бўёқлар ишлаб чиқаришда фойдаланилишини ҳам қўшиш мумкин.