Жаҳон | 16:46 / 04.03.2016
4733
2 дақиқада ўқилади

КХДР БМТ Хавфсизлик Кенгашининг санкцияларини тан олмаслигини билдирди

КХДР раҳбарияти БМТ Хавфсизлик Кенгаши томонидан қабул қилинган, мамлакатга қарши санкцияларни кучайтириш бўйича янги резолюцияга муносабат билдирди. Бу ҳақда КХДР ТИВ томондан Корея Марказий телеграф агентлиги орқали тарқатилган баёнотга асосланиб, РИА Новости хабар берган.

«Ўз ядро дастуримизни ривожлантириш - ўз қонуний ҳуқуқимиздир. АҚШ душманона сиёсатини давом эттирар экан, ўзимизни ҳимоя қилишимиз керак», — дейилади хабарда.

Шунингдек, бундай шароитда КХДР халқи ва армияси америкалик империалистлар ва жанубий кореялик сотқинлар қиёфасидаги мамлакат душманларини йўқ қилиш тўғрисидаги буйруқни ижро қилишга тайёрлиги қўшимча қилиб ўтилган.

Эслатиб ўтамиз, 2 март куни Хавфсизлик Кенгаши иштирокчилари шимоллик корейсларнинг ядровий синовлари муносабати билан унга қарши санкцияларни кучайтиришга қаратилган резолюцияни бир овоздан қабул қилганди.

Янги чекловлар Шимолий Кореяга ёки у ердан отланган юкларни мажбурий текширув, ўқотар қуроллар ва енгил қурол-яроғларни сотиш ва етказиб бериш бўйича тақиқни ўз ичига олади.

2016 йилнинг январь ойи бошида КХДР водород бомбасини муваффақиятли тарзда синовдан ўтказганини эълон қилган эди. Бир ой ўтиб эса, мамлакат Ерни кузатиш учун мўлжалланган сунъий йўлдошни орбитага олиб чиққан ракетанинг муваффақиятли парвози ҳақида эълон қилди.