Жамият | 12:11 / 04.03.2016
16464
2 дақиқада ўқилади

Ўнлаб одамларни қақшатган фирибгар қўлга тушди

Бир неча ўнлаб одамларнинг ишонувчанлиги ва соддалигидан фойдаланиб, уларнинг турли илтимосларини битириб бериш ваъдаси билан пул олган фирибгар шахснинг жиноий фаолиятига чек қўйилди.

“Постда” нашри Тўлқин дея исми ўзгартирилган шахснинг бир қанча жиноятлари ҳақида маълум қилди:

У бир фуқаронинг ногиронлик нафақасини иш стажи бўйича ўзгартириб бериш мақсадида дастлаб 300 АҚШ доллари, сўнг турли ҳаражатларга деб 1 миллион сўм пулини олиб, ғойиб бўлади.

Кейинчалик яна бир фуқародан укасини ишга жойлаб қўйишга ваъда бериб, дастлаб 200, сўнг 500 АҚШ доллари миқдорида пул олган. Ана шундай даъво билан, яъни аэропортга ишга жойлаб қўяман деб, бир аёлдан икки марта 500 АҚШ долларини олади. Аммо “иш” битмайди, пул ҳам қайтмайди.

Фирибгар яна бир аёлга цех очиб беришни таклиф қилади ва ундан 4900 АҚШ доллари олади. Натижа яна аввалгидек.

У кейинроқ ҳайдовчилик гувоҳномасини олдириб қўйган фуқародан “ёрдам” бериш мақсадида аввал 200 АҚШ доллари, кейин 646 минг сўм пул олган.

Нашр айбланувчининг бу каби жиноий ишларидан яна бир нечтасини мисол тариқасида келтиради.

Мақола сўнгида ўзи яхши билмаган, синамаган одамга лаққа тушган фуқаролар танқид остига олиниб, “улар пора олиш билан бирга пора бериш ҳам қонунга хилоф эканлигини билишмаса”, дея мулоҳаза юритилади.