Руслан Чагаев чемпионлик камарини бой берди
"Катта дада" лақабли австралиялик боксчи Лукас Браун 5 мартда Грозний шаҳридаги "Колизей" спорт мажмуасида бўлиб ўтган WBA версияси бўйича ўта оғир вазнда чемпионлик унвони учун ўтказилган жангда Руслан Чагаевни муддатдан аввал мағлуб қилди.
"Оқ Тайсон" деб эътироф этиладиган асли ўзбекистонлик жангчи Чагаев жангни яхшироқ бошлади ва 4-раунддаёқ Брауннинг қоши ёрилишига олиб келди. Браун ташаббусни ўз қўлига олмоқчи бўлди ҳамда муваффақиятли ўтказилган ҳужумга жавоб ҳужумни ўтказиб юбораверди.
6-раундда Браун ҳаттоки Чагаевнинг кучли зарбасидан кейин нокдаун ҳолатига ҳам тушди. Бироқ тан бериш керакки, австралиялик тезда ўзини ўнглаб олиб, 7-раундни ўз фойдасига ўтказди.
Учрашув Чагаевнинг ғалабаси билан якунланадигандек туюлаётган бир паллада жангдаги кутилмаган бурилиш 10-раундда ўртасида юз берди. Ҳужум қилаётган Чагаев бир онга ҳимояни унутиб, Лукаснинг кучли зарбасини ўтказиб юборди. Чагаев нокдаун ҳолатига тушди ва ўзига келишга улгура олмади. Кейинги 20 сония давомида Браун Чагаевга кетма-кет зарбалар бера бошлади ва жанг рефериси жангни тўхтатишга қарор қилди ҳамда австралияликка техник нокаут билан ғалабани берди.
Бу мағлубият Чагаев учун унинг фаолиятидаги 3-мағлубият бўлди, ҳозирда Чагаевнинг ҳисобида 34 та ғалаба ва битта дуранг натижа бор. Браун эса профессионал рингда ўтказган барча 24 жангида ғолиб бўлишга муваффақ бўлди.
Чагаев учрашувнинг вақтидан аввал тўхтатилганидан норозилик билдирди.
"Узр сўрайман, шундай бўлиб қолди. Билмайман, ҳакам нега жангни тўхтатди. Унинг зарбаси тасодифан чиққанди, мен жангни давом эттиришга тайёр эдим. Бироқ ҳакам жангни тўхтатишга қарор қилди", деб айтди Чагаев жангдан кейин.