Иқтисодиёт | 23:39 / 08.03.2016
5877
2 дақиқада ўқилади

Кувайт: нефть ишлаб чиқарувчи давлатларнинг келишуви нефть нархининг 20-30 долларга ошишига олиб келиши мумкин

Агар нефть ишлаб чиқарувчи давлатлар учрашув ўтказиб, якуний келишувга эришсалар, нефть нархи яна 20-30 долларга кўтарилиши мумкин. Бироқ, Кувайтнинг ОПЕКдаги миллий вакили Муҳаммад аш-Шаттийнинг фикрича, айни вақтда воқеалар ривожланишининг бир нечта, жумладан салбий вариантлари ҳам мавжуд.

"Барчаси иштирокчилар бозорга нима деб жавоб беришига боғлиқ", деб айтди аш-Шаттий ТАСС ахборот агентлигига берган интервьюсида. Унинг айтишича, бозор ОПЕКка кирувчи Саудия Арабистони, Қатар, Венесуэла нефть вазирлари ва Россия энергетика вазирининг учрашувига ижобий жавоб берди. "Нархлар 10 доллар, ҳаттоки ундан кўпроққа ошиб кетди. Кейинги учрашувгача бозор қониқарли даражада ва кейинги йиғилиш натижаларига кўра реакция билдирилади", деб таъкидлади аш-Шаттий. Аш-Шаттийнинг фикрича, агар навбатдаги музокаралар бўлиб ўтса ва унда муайян қарор қабул қилинса, нефть бозори иштирокчиларига бу қарор барқарорлашиш жараёнига таъсир қилиш-қилмаслигини англаш учун вақт талаб этилади. "Нархлар яна 20-30 долларга ошиши мумкин", деб айтди эксперт. Акс ҳолда, нефть нархи кейинги қадам қабул қилинмагунча сақланаб қолиши мумкин. "Агар учрашув бўлмаса, нархлар тушиб кетиши мумкин", деб хулоса қилди аш-Шаттий.