Ўзбекистон | 12:59 / 10.03.2016
6538
2 дақиқада ўқилади

2015 йилда Ўзбекистонда 2000 нафарга яқин мансабдор жавобгарликка тортилган

Таҳлилларга қараганда, 2015 йилда ва жорий йилнинг ўтган ойларида Ўзбекистонда икки юздан зиёд тадбиркор фаолиятида ноқонуний текширишлар ўтказилган. Икки мингга яқин ҳолатда текшириш ўтказиш тартиби бузилган. Ушбу ҳолатлар юзасидан 92 шахс интизомий, 21 шахс маъмурий жавобгарликка тортилган ҳамда 66 ноқонуний қарор бекор қилинган. Тадбиркорлик субъектлари фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки ноқонуний аралашиш ҳолатлари юзасидан маъмурий жавобгарликка тортиш бўйича судларга киритилган таклиф асосида уч юздан зиёд ҳуқуқбузарга тегишли чоралар қўлланилган, деб ёзади ЎзА.

Қолаверса, тадбиркор фаолиятига ноқонуний аралашувларнинг олдини олишда Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгаши таклифига кўра, ўтган йилда ноқонуний аралашувларга йўл қўйган ходим билан бирга, назорат органларининг 26 нафар раҳбари ҳам жавобгарликка тортилган.

Адлия идоралари томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлаш мақсадида 2015 йилда тегишли идораларга кўплаб тақдимнома, огоҳнома киритилиб, тадбиркорларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланиши таъминланган. Бундай чоралар натижасида икки мингга яқин мансабдор шахс интизомий жавобгарликка тортилган. Шу жумладан, юз нафардан зиёди эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.