Жаҳон | 12:29 / 14.03.2016
2171
1 дақиқада ўқилади

Марокашда 2 млн киши БМТ бош котибининг баёнотига қарши намойиш ўтказди

2 миллион нафардан ортиқ марокашликлар мамлакат пойтахти Работ шаҳрида БМТ бош котиби Пан Ги Муннинг Ғарбий Саҳрои Кабирнинг ҳудудий мақоми ҳақидаги баёнотига қарши намойиш ўтказди. Бу ҳақда МАР ахборот агентлиги хабар тарқатган.

Хабарда айтилишича, ўтган ҳафтада Пан Ги Мун Жазоирнинг Тиндуф шаҳрига келганида Ғарбий Саҳрои Кабир оккупация қилингани ҳақида гапирган.

Манбанинг ёзишича, Работдаги йирик марш Марокашдаги сиёсий гуруҳлар, касаба-уюшмалари ва бошқа жамоатчилик ташкилотлари томонидан уюштирилган. Марш вақтида намойишчилар ва полиция ўртасида тўқнашувлар рўй бергани ҳақида маълумот йўқ.

Ғарбий Саҳрои Кабир Африка қитъасининг ғарбий чеккасида жойлашган бўлиб, 1884 йилдан Испания мустамлакаси бўлган. 1973 йилда бу ҳудудда Ғарбий Саҳрои Кабирни озод қилиш миллий фронти (Полисарио) ташкил қилинган. 1975 йилда Марокаш ва Мавритания босими остида Мадрид шаҳрида ҳудуднинг шимолий қисмини Марокашга, жанубини Мавританияга бериш бўйича битим тузилган.