Жаҳон | 16:10 / 15.03.2016
1634
2 дақиқада ўқилади

Трамп муҳожирларни заҳарли илон билан тенглаштирди

Республикачилар партиясидан АҚШ президентлигига номзод Дональд Трамп бугун - 15 март куни Огайо штати Янгстаун аэропортида сайловчилар олдидаги навбатдаги чиқиши пайтида муҳожирларни заҳарли илон билан таққослади.

Муҳожирларга ўз салбий муносабатини билдирар экан, Трамп Аль Уилсон ижросидаги қўшиқни мисол қилди. Қўшиқ сюжети бўйича, бир бағрикенг аёл чалажон илонни парвариш қилади, илон тузалиб, ўз халоскорига заҳарли нишларини ботиради. Аёлнинг нега яхшиликка бундай жавоб қилганини сўраганда, илон: “Эҳ, аҳмоқ аёл, ахир менга ғамхўрлик қила бошлаганингда менинг заҳарли эканимни билар эдинг-ку”, – деб жавоб беради.

Сиёсатчининг фикрича, бу қиёслаш муҳожирлар билан боғлиқ вазиятнинг энг яхши тасвиридир, деб хабар беради The Independent.

Бундан ташқари, Трамп бир эмас, иккита девор қуриш зарурлигини билдирди. Деворларнинг бири АҚШ ва Мексика чегарасида қочқинлар оқимини чекласа, иккинчиси террористлар мамлакатдан чиқа олмаслиги учун Сурия ҳудудида ўрнатилади.