Ўзбекистон | 19:13 / 18.03.2016
2942
3 дақиқада ўқилади

21 март куни Тошкентнинг айрим кўчаларида транспорт воситалари ҳаракати чекланади

Наврўз байрами 21 март куни нишонланиши муносабати билан Тошкент шаҳрининг бир қатор кўчаларида ҳаракат вақтинча тўхтатилади. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берган.

"Тошкент шаҳар ҳокимининг 18 март куни имзонлаган 244-сонли қарорига кўра, “Наврўз” умумхалқ байрами ўтказиш вақтида йўлларда ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлаш мақсадида бир қатор кўчаларда транспорт ҳаракатининг чекланиши белгиланди", дейилади хабарда.

Унга кўра, 21 март куни соат 06:00 дан 16:00 га қадар қуйидаги кўчаларда ҳаракатланиш тақиқланади:
— “Бунёдкор” шоҳкўчасининг Муқимий кўчаси билан кесишувидан “Қоратош” кўчаси билан кесишувигача;
— “Қоратош” кўчасининг “Самарқанд дарвоза” кўчаси билан кесишувидан “Бунёдкор” шоҳкўчаси билан кесишувигача;
— “Ўзбекистон” кўчасининг “Бунёдкор” шоҳкўчаси билан кесишувидан “Олмазор” кўчаси билан кесишувигача;
— “Бобур” кўчасининг “Ўрикзор” кўчаси билан кесишувидан “Шаршара” кўчаси билан кесишувигача;
— “Бешёғоч” кўчасининг “Ўзбекистон” кўчаси билан кесишувидан Фурқат кўчаси билан кесишувигача;
— “Фурқат” кўчасининг “Шаршара” кўчаси билан кесишувидан Навоий кўчаси билан кесишувигача;
— “Олмазор” кўчасининг “Ўзбекистон” кўчаси билан кесишувидан “Бешёғоч” кўчаси билан кесишувигача;
— “Байналмилал” кўчасининг “Бунёдкор” шоҳкўчаси билан кесишувидан “Бешёғоч” кўчаси билан кесишувигача;
— “Себзор” ҳамда “Зарқайнар” кўчаларининг тоннелга кириш жойидан.

Қарорда байрам тадбирлари ҳамда халқ сайллари ўтказилиши мўлжалланаётган “Себзор” кўчасининг Ўзбекистон Давлат цирки майдонига туташ қисми, Тошкент Ҳайвонот боғига туташ “Боғишамол” кўчаси, “Бахт диёр” гузари олди майдонига туташ “Шокирариқ” кўчаси, Марказий зобитлар уйи (собиқ Авиасозлар саройи), Мирзо Улуғбек, Бобур, Ғафур Ғулом номидаги, шунингдек “Гулшан”, Фурқат, “Сувчи” даҳасидаги “Қуёшча нури” истироҳат боғларига туташ кўчаларда ҳам вазият тақозо этганда йўлларда ҳаракатланишнинг чекланишига рухсат берилиши кўрсатилган.

21 март куни соат 06:00 дан 16:00гача метронинг “Миллий боғ” ҳамда “Бунёдкор” бекатларининг “Истиқлол” санъат саройи томони ёпилади.

Қарорда тегишли жамоат транспорти хизмати ташкилотларига тадбирлар ҳамда сайллар якунланиши даврида хизмат кўрсатувчи транспорт воситаларининг сонини ошириш вазифаси юклатилган.