Жамият | 18:54 / 18.03.2016
2647
2 дақиқада ўқилади

Тошкентлик изқувар “машҳур” фирибгарни қандай этиб фош қилганини ҳикоя қилиб берди

Тошкент шаҳар, Олмазор тумани ИИБ ЖҚ ва УЖҚКБ тезкор вакили, майор Абдухалил Валиев бир неча кишидан фирибгарлик йўли билан катта миқдорда пул олиб, ўзлаштириб юборган ва одамлардан яшириниб юрган Тошкент шаҳри, Олмазор туманида яшовчи Юнусни (исми ўзгартирилган) қандай этиб фош этгани ҳақида айтиб берди. Бу ҳақда “Постда” нашри ёзмоқда.

“Бир сафар унинг уйига борганимизда Юнуснинг отаси бизни хушламай кутиб олди”, — деб ҳикоя қилади изқувар. — “Ўғлининг қаерда эканлигини сўраганимизда бир ойдан бери Дубайда эканлигини айтди. Зимдан кузатсам, столдаги кулдонда икки хил сигаретнинг қолдиғи турибди. Оилада чолдан бошқа кампири, келини ва невараси бор. Улар сигарет чекмайди, албатта. Ҳамкасбларимга хоналарни кўздан кечиришларини айтиб, ўзим ҳаммомга кирдим. У ерда йигитларнинг ички кийими ва шиппаги ҳам бор эди. Юнуснинг уйда эканлигига шубҳа қолмади.

Ҳашамдор уйнинг тагида ертўла ҳам бор экан. Ўша ерга кирдим. Одатда ертўланинг деворлари оддий сувоқ қилиб қўйиларди. Бу ертўланики эса тахтадан қопланиб, ялтироқ лак билан бўялгани диққатимни тортди. Синчиклаб қарасам, кичкина кесилган из кўринди. Қаттиқроқ туртгандим, ичкарига очилди. Ундан ичкари иккита йўл бор экан. Бир томони ёруғ, иккинчи томони қоронғи. Кейин ёруғ томонга кетган йўл бўйлаб эмаклагандим, зинага дуч келдим. Ертўла тагида яна бир ертўла бор экан. Атрофни яхшилаб кўздан кечирсам, зина тагида бир киши ётибди. Бу Юнус эди”.

Фирибгар қонун олдида жавоб берган.