Жаҳон | 16:47 / 18.03.2016
2719
2 дақиқада ўқилади

Трампни дунёдаги энг жирканч одам деб аташди

Тўрт кун давомида миллиардер Дональд Трампни танқид остига олган очиқ хат матнини 4 миллиондан ортиқ фойдаланувчи ўз саҳифасида бўлишди.

Бу Facebook ижтимоий тармоғи тарихидаги энг юқори кўрсаткич. Мактубга 65 минг атрофида изоҳ қолдирилган.

Трамп қораланган ушбу пост Humans of New York фотоблоги саҳифасида маълум қилинган. Лойиҳа муаллифи Брэндон Стэнтоннинг ёзишича, у сўнгги икки йил давомида кўплаб Эрон, Ироқ ва покистонликлар билан, шунингдек, жуда кўп мусулмон қочқинлардан интервью олган. Бу унга дунёдаги энг жирканч ва нафратга тўла одам – Трамп деб хулоса қилишга имкон беради.

Стэнтонни ғазабга келтирган сабаблар - Трампнинг шафқатсизликни рағбатлантириши, террористларнинг оила аъзоларини қийноққа солиш ва ўлимга маҳкум этишни татбиқ этиш тарафдори экани, қочқинларни илонлар билан таққослаши, шунингдек, “ислом биздан нафратланади” деб ошкора бонг уриши.

Humans of New York —2010 йилда ишга туширилган фотоблог. Саҳифаларида Нью-Йоркдаги нуфузли одамларнинг портретлари ва уларнинг ҳаёти ҳақидаги суҳбатлардан парчалар эълон қилинади. Улар асосида чоп этилган китоб ўта оммалашиб кетган эди.