Жаҳон | 09:56 / 19.03.2016
1900
1 дақиқада ўқилади

Ростов-Донда фалокатга учраган Boeing самолётининг барча йўловчилари ҳалок бўлди ва бошқа тафсилотлар

Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Жанубий минтақа марказида Дубайдан Ростов-Донга келаётган Boeing 738 йўловчи самолёти Ростов-Дон аэропортига қўнаётган пайтда қулагани, унинг бортида 55 йўловчи, жумладан 4 нафар бола ва 6 нафар экипаж аъзоси бўлгани ва уларнинг барчаси ҳалок бўлганини маълум қилди. Бу ҳақда ТАСС ахборот агентлиги хабар берди.

Самолёт аэропортга қўнишга биринчи уринишда қўна олмаганидан кейин иккинчи уринишда фалокатга учраган. Маълум қилинишича, самолёт ерга теккандан кейин портлаб кетган.

Ушбу фалокат юзасидан Россия Тергов қўмитасининг Жанубий тергов бошқармаси терговгача текширувни бошлаган.

Ростов-Дон аэропорти фалокат сабабли вақтинчалик ёпиб қўйилган.

Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги авиафалокат муносабати билан маълумотлар учун “қайноқ линия”ни ишга туширди.