Ўзбекистон | 15:49 / 21.03.2016
3825
3 дақиқада ўқилади

Мафтункор юртнинг бетакрор байрами

Мамлакатимизда Наврўз умумхалқ байрами кенг нишонланмоқда. Жойларда ўтказилаётган байрам сайиллари иштирокчиларининг тилида, дилида шукроналик. Истиқлолимиз, тинч ва осойишта ҳаётимиз қадри ҳақида тўлқинланиб сўзлайди улар. Юртимизга келаётган хорижлик сайёҳлар ҳам бу жараёнларга гувоҳ бўлмоқда. Улардан айримларининг таассуротлари билан қизиқдик.

Олеся Айвода (Франция):

– Ўзбекистон ва унинг қадимий шаҳарлари ҳақида кўп эшитганман, ўқиганман. Жаҳон цивилизацияси тараққиётига беқиёс ҳисса қўшган буюк алломалар юртини кўришни орзу қилардим. Қарангки, Наврўз арафасида ниятимга етдим. Бу байрам ҳақида муайян тасаввурга эга бўлсам-да, бевосита иштирок этиб ҳайратим янада ортди.

Наврўз миллий қадриятлар байрами экан. Бунга Бухоро шаҳрида ёшлар иштирокида ўтказилган фестивалда гувоҳ бўлдим. Миллий халқ ўйинлари, Наврўз тараннум этилган ялла-ю рақслар, сумалак тайёрлаётганлар ёнидан ўтар эканман, димоғимга аллақандай ажиб ҳид урилди. Тўхтаб қолдим. Нега, ийманиб турибсиз, татиб кўринг, дейишди. Бунақа тотни ҳеч қачон, ҳеч қаерда учратмаганман. Ўтмиши буюк, келажаги порлоқ халқнинг мана шундай байрамлари бўлади. Байрамингиз муборак бўлсин!

Кристиан Кайзар (Германия):

– Олий ўқув юрти ўқитувчисиман. Бухорога бир гуруҳ талаба-ёшлар билан келдим. Шаҳар, унинг тарихий обидалари бизда катта таассурот қолдирди. Ҳар бир обида ўзбек халқининг ўзидек бетакрор. Кўчалар обод, одамлар хушмуомала.

Қадимий Арк қалъаси ёнида ўтаётган Наврўз сайли устидан чиқиб қолдик. Ҳаммаси сеҳрли, гўё эртаклар оламига тушиб қолгандек бўласан киши. Биз ҳам ёшлар даврасида рақсга тушиб кетганимизни билмай қолдик.

Марико Оцука (Япония):

– Мен икки йилдан буён Ўзбекистон – Япония марказининг Бухоро бўлимида JICA (Япония халқароҳамкорлик ташкилоти) да кўнгилли сифатида ишлайман. Ўзбек тилини мулоқот қиладиган даражада ўргандим.

Ўзбекистон – мафтункор юрт, Наврўз – бетакрор байрам. Бухоро шаҳри кун сайин чирой очиб бормоқда. Бу Наврўз арафасида янада яққол сезилади. Сизларда ҳар кунинг Наврўз бўлсин, деган ибора бор экан. Бунинг замирида катта ҳикмат мужассам. Ўз тарихи, маданияти ва урф-одатларини улуғлаган халқнинг эртаси янада нурафшон бўлади.

ЎзА мухбири Э. Ёдгоров ёзиб олди.