Спорт | 08:48 / 22.03.2016
2338
2 дақиқада ўқилади

Лукас Браунда Чагаев билан жангидан кейинги текширувда допинг аниқланди

Профессионал бокснинг супероғир вазн тоифасида WBA (Regular) йўналиши чемпиони Лукас Браун ўзбекистонлик боксчи Руслан Чагаевга қарши жангдан кейинг допинг текширувдан ўтди ва унинг қонида тақиқланган кленбутерол моддаси борлиги аниқланди. Бу ҳақда ESPN нашрига асосланиб, Р-Спорт хабар тарқатган.

Руслан Чагаев ва Лукас Браун ўртасидаги чемпионлик жанги 5 март куни Грозний шаҳрида ўтказилганди. Жангнинг 10-раундида Чагаев нокдаун ҳолатига тушган, ўрнидан кўтарилганида рақиб зарба ёғдиришда давом этгач, рефери Ўзбекистон вакилига техник нокаут ёзганди.

Австралиялик боксчи Руслан Чагаевга қарши ўтказган жангидан беш кун аввал ва жанг якунланганидан сўнг допинг учун таҳлил топширган. Натижаларга кўра, унинг кленбутерол моддаси қабул қилгани аниқланган. VADA (Voluntary Anti-Doping Association - Бутундунё аксилдопинг агентлиги) раҳбарияти спортчида Б проба натижасини талаб этишга ҳақлилигини билдирган.

Агар Браун допинг қабул қилганини тан олса, у чемпионлик камаридан маҳрум қилиниш хавфи остида қолади.

Маълумот учун, кленбутерол моддаси Халқаро антидопинг ташкилоти томонидан тақиқланган моддалар қаторига киритилган.