Жаҳон | 10:06 / 23.03.2016
1872
2 дақиқада ўқилади

Бостон ва Париждаги терактлардан омон қолган ўсмир Брюсселдаги портлашлар вақтида жароҳатланди

Бостон ва Париждаги терактлар вақтида омон қолган америкалик миссионер-мормон террорчиларнинг Брюсселдаги аэропортга ҳужум қилиши натижасида жароҳат олган. Бу ҳақда ABC News унинг отаси берган маълумотга таяниб хабар тарқатди.

19 ёшли Юта штати фуқароси бўлган Мэйсон Уэллс террорчилар ҳужуми вақтида бир гуруҳ миссионерлар билан бўлган. Ҳужум натижасида у товонидан жароҳат олган. Бундан ташқари унинг юзи ва қўли куйган.

2013 йилда Уэллс Бостон марафонининг финиш қисмига яқин жойда отаси билан онасини кутиб турганида бомба портлаган. 2015 йилнинг ноябрь ойидаги Париждаги теракт пайтида эса Уэллс Франция пойтахтидан икки соатлик йўлда бўлган.

Эслатиб ўтамиз, 22 март, сешанба куни Брюссель аэропорти ва метросида содир бўлган бир неча портлаш натижасида сўнгги маълумотларга кўра 34 киши ҳалок бўлди, яна 200 дан зиёд киши жароҳатланди.

2015 йилнинг 13 ноябрь кунида Парижда давомли терактлар содир этилган, шаҳардаги "Стад де Франс" ўйингоҳида Франция ва Германия терма жамоалари ўйини вақтида стадион ташқарисида портлашлар содир бўлиб, "Батаклан" театрига террорчилар бостириб кирган ҳамда мухлисларни ўққа тутганди. Шаҳар бўйлаб 7та нуқтада содир этилган терактларнинг умумий қурбонлари сони 131 нафарни ташкил этган ва 350дан ортиқ киши жароҳатланганди.

Бостонда эса 2013 йилнинг 15 апрелида марафон вақтида портлаш содир этилган, 3 киши ҳалок бўлиб, 250дан ортиқ киши жароҳатланганди.