Жаҳон | 10:22 / 07.04.2016
2032
3 дақиқада ўқилади

Панама президентининг фикрича, офшор можароси кўплаб давлатлар муаммоси ҳисобланади

Панама раҳбари Хуан Карлос Варела ўз халқига мурожаатида баёнот беришича, Mossack Fonseca юридик фирмасининг маълумотлари ошкор бўлиши билан боғлиқ можаролар, фақат Панаманинг муаммоси эмас.

Унинг айтишича, кўплаб давлатларнинг молиявий ва ҳуқуқий тузилмалари ҳанузгача давлат маблағларидан фуқароларнинг умумий манфаатларидан бошқа мақсадларда фойдаланишга имкон берар экан, ушбу масала барча давлатларга тегишли бўлиб қолаверади.

Вареланинг таъкидлашича, буни «Панама ҳужжатлари» деб аташ нотўғри. Чунки, «жиддий ва масъулиятли ҳукуматлар» халқаро мажбуриятларини ОАВ ёрдамида эмас, балки дипломатлар воситасида муҳокама этишади.

Шу боисдан ҳам, мамлакат раҳбарияти ушбу масала бўйича барча манфаатдор томонлар билан ҳамкорлик қилишга тайёр.

У, шунингдек, барча давлатларни муаммони ҳал этиш учун дипломатик йўллардан фойдаланишга ҳамда ўзаро ҳурмат принципларига қатъий риоя қилишга чақирган.

Бундан аввал, давлат раҳбари "Панама иши" бўйича махсус экспертлар гуруҳини тузишга ваъда берган эди.

Эслатиб ўтамиз, OCCRP, ICIJ ва дунёнинг етакчи нашриётларининг ўнлаб журналистларидан иборат гуруҳ, 3 апрель куни давлат раҳбарлари, сиёсатчилар, спортчи ва маданият арбобларининг офшор битимларига алоқасига оид маълумотларни ошкор қилган эди.

Ушбу рўйхатдан, Россия президенти В. Путин атрофидаги кишилар, Украина президенти П. Порошенко, Буюк Британия бош вазири Дэвид Кэмерон, Исландия бош вазири Сигмюндюр Гюннлейгссон, Жеки Чан, Лионель Месси ва бошқаларнинг исми-шарифлари ўрин олган.

Айтиш жоизки, «Панамагейт» жаҳон сиёсатига ўз таъсирини кўрсата бошлади. Хусусан, Исландия бош вазири лавозимидан истеъфо берган бўлса, Буюк Британия, АҚШ, Нидерландия, Австрия, Германия, Ҳиндистон ва Украинада ушбу маълумотлар асосида текширувлар бошлаб юборилди. Ўз навбатида, Россия маъмурияти, ўз хизматчилари ва депутатларининг офшор компанияларга алоқадорлигини бўҳтон сифатида баҳолаб, Кремль бундай ахборотларга эътибор қаратмаслигини маълум қилган эди.