Жамият | 21:35 / 07.04.2016
2365
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда янги туғилган қизчасини 10 минг долларга сотаётган фарғоналик аёл қўлга олинди

Орзугул Аҳмадалиева (исм-фамилиялар ўзгартирилган) 2015 йилнинг июнь ойида Фарғона вилоятидан оила аъзоларига билдирмай, яширин тарзда Тошкентга келиб, ўзига олдиндан таниш бўлган Замира Ходжаеванинг хонадонига жойлашади ва унга ҳомиладор бўлиб қолганини айтади. Бу ҳақда “Ҳуқуқ” нашри ёзмоқда.

Маълум бўлишича, О.Аҳмадалиева оила аъзоларига билдирмай, бир эркак билан шаръий никоҳдан ўтиб яшаб юради. Унинг ҳомиладорлигини билган эркак орани очиқ қилиб кетади. Орзугул фарзанди туғилганига қадар унинг уйида вақтинча яшаб туришга рухсат беришини сўрайди. Замиранинг унга раҳми келиб, ноилож рози бўлади.

Август ойида Замиранинг хонадонига таниши Зуҳра Маликова меҳмонга келади ва О.Аҳмадалиева билан суҳбатлашиб қолади. Орзугул меҳмонга туғилажак фарзандини яхши оилага фарзандликка бериши мумкинлигини айтади.

Октябрь ойида З.Ходжаева Орзугулнинг тўлғоғи бошлангани сабабли уни 2-сонли Тиббиёт Академиясининг туғруқхонасига олиб боради. О.Аҳмадалиева фарзанди туғилгани заҳоти ўзининг ғаразли ниятини амалга оширмоқчи бўлади. Яъни, 10 минг АҚШ доллари эвазига боласини сотиб юборишни режалаштиради.

Орзугул туғурқхонадан чиқиб, жиноий режасини амалга ошириш мақсадида туғилган қиз фарзандини сотиб юбориш учун Юнусобод туманида Зуҳра Маликова билан учрашади. Бемеҳр она қизалоғини Зуҳрага 10 минг АҚШ долларига сотади. У З.Маликовага нисбатан ҳеч қандай даъвоси йўқлиги ҳақда тилхат ёзиб бераётган пайтда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан ушланади.

Мазкур ҳолат юзасидан жиноий иш қўзғатилиб, О.Аҳмадалиевага жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судининг ҳукмига асосан 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.