Жаҳон | 12:12 / 09.04.2016
2136
1 дақиқада ўқилади

Саудия қироли тарихда биринчи марта копт черкови раҳбари билан учрашди

Мисрда айни вақтда сафар билан қолаётган Саудия Арабистони қироли Салмон ибн Абдулазиз Ал-Сауд 8 апрелда копт черкови (Мисрнинг насроний черкови) раҳбари, патриарх Тавадрос II билан учрашди. Тарихда биринчи марта копт папаси ва Саудия қироли ўртасида юз берган учрашув қиролнинг Миср пойтахти Қоҳирадаги муваққат қароргоҳида бўлиб ўтди.

Қирол Мисрга сафари давомида, шунингдек, дунёдаги энг йирик ислом университети Ал-Азхар имоми Аҳмад ат-Тойиб билан учрашди. Миср ОАВи хабар беришича, учрашув чоғида гап "ўртамиёна ислом таълимини тарғиб қилиш, экстремизм ва террорчиликка қарши кураш учун ҳамкорлик ва биргаликдаги саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш, минтақа ва бутун дунёда тинчлик асосларини татбиқ қилиш зарурлиги" ҳақида кетди. Таъкидланишича, қирол "Ал-Азхар университетининг экстремистик мафкурага қарши курашдаги ўрнини юқори баҳолади".