Ўзбекистон | 14:24 / 11.04.2016
3284
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Ислом ҳамкорлик ташкилоти Уставини ратификация қилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 2016 йилнинг 6 апрель куни “Ислом ҳамкорлик ташкилоти Уставини тасдиқлаш тўғрисида”ги қонунни имзолаган. Бу ҳақда uzdaily.uz хабар берди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис қонунчилик палатаси ушбу қонун ҳужжатини 2016 йилнинг 18 мартида қабул қилган. 2016 йил 31 март кунида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати ҳужжатни маъқуллаган.

Ислом ҳамкорлик ташкилоти Устави 2008 йил 14 март куни Дакарда қабул қилинган. 2011 йилгача у Ислом конференция ташкилоти деб аталган.

Ратификация ислом молия институтлари, жумладан, Ислом тарраққиёт банки (Ўзбекистон 2003 йилдан буён аъзо) маблағларини жалб этишни фаоллаштириш имконини беради.

Ўзбекистон ИҲТга 1996 йилда аъзо бўлган. Шундан буён ташкилотнинг сирқирра фаолияти ва тадбирларида иштирок этиб келади. Хусусан, Ўзбекистон томони 2016 йилда ИҲТ ташқи ишлар вазирлиги Кенгашида раислик қилади.

ИҲТ 1969 йили ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий соҳаларда ислом бирдамлигини таъминлаш мақсадида ташкил этилган. Унинг таркибига 57та давлат киради.