Жаҳон | 21:00 / 11.04.2016
1735
2 дақиқада ўқилади

Темир Сариев сиёсатни тарк этмоқчи эмас

11 апрель куни Қирғизистон бош вазирлигидан истеъфога чиққан Темир Сариев сиёсий фаолиятини давом эттириш истагида эканини айтиб ўтди.

Ҳукуматдаги коалиция раҳбари ҳисобланган Сариев истеъфога чиқар экан, "ишни топширишдан қочмаслиги, бироқ ҳалол ишлагани ва ҳеч қачон тубан сиёсий фитналарда иштирок этмаганини исботламоқчилигини" айтиб ўтганди.

"Мен учун давлат манфаатлари ҳамма нарсадан устун. Бу тамойилга доим амал қиламан ва барча асоссиз айбловларни меҳнатим билан инкор этишга тайёрман", дея таъкидлаган собиқ вазир.

Қирғизистонда катта таъсирга эга сиёсий куч бўлмиш "Ак-Шумкар" партияси етакчиси ҳисобланадиган бу сиёсатчи 2005 йилги ва 2011 йилги инқилоблар ташкилотчилари қаторида бўлганди. Унинг номи 2017 йилги президентлик сайловида қатнашадиган эҳтимолий номзодлар қаторида тилга олинарди.

"Мен сиёсий фаолиятимни давом эттираман. Олдинда кўплаб режалар ва амалга оширилиши керак бўлган лойиҳалар турибди. Ҳозир мамлакатдаги барча илғор кучлар олдинга қараши керак... Мен ўз режаларимни мамлакат манфаатлари билан узвийликка йўналтираман", дейди Сариев.

Сариев 2015 йилнинг апрелида бош вазир лавозимига тайинланганди.

Бир неча кун аввал мамлакат транспорт ва коммуникациялар вазири Арғинбек Малабаев бош вазир ва унинг атрофидагиларни Балиқчи—Корумду автойўли қурилиши тендерини ўтказишда Хитой компанияларидан бири манфаатларини кўзлаганликда айблаганди. Мазкур айблов тафсилотларини ўрганиш учун депутатларнинг махсус комиссияси тузилган ва ушбу комиссия парламентга 13 апрель, чоршанба куни Сариевга ишончсизлик билдириш масаласини қўйишни тавсия қилганди.

Парламент коалицияси раиси Чининбай Турсенбеков "маданиятли мамлакатларда, бундай ҳолатларда, одатда, бош вазир истеъфога чиқиши"ини эслатиб ўтганди. У навбатдаги бош вазир бўлиш учун асосий даъвогар ҳисобланади.