Ўзбекистон | 11:19 / 13.04.2016
2688
2 дақиқада ўқилади

ШҲТ Бош котиби Рашид Алимов Тошкентга келди

Ўзбекистоннинг ШҲТга раислиги туфайли ташкилот билан ҳамкорлик доирасида 13 апрель куни Тошкент шаҳрида ташкилот Хавфсизлик кенгаши котибларининг ўн биринчи учрашуви бошланди. Учрашувлар 14 апрель куни ҳам давом эттирилади.

"2016 йилнинг 13 апрель куни Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Тошкент шаҳрига навбатдаги ШҲТга аъзо давлатларнинг Хавфсизлик кенгашлари котибларининг учрашувида қатнашиш учун ташриф буюрган Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг бош котиби Рашид Алимовни қабул қилди", дейилади ТИВ сайти хабарида.

Учрашув иштирокчилари халқаро ва минтақавий хавфсизлик муаммолари, Марказий Осиё, Афғонистон ва ШҲТ ҳудудидаги вазият, террорчилик, экстремизм ва наркотрафикка қарши кураш муаммоларини муҳокама қилишади.

Эслатиб ўтамиз 8 апрель куни Тошкентда ШҲТ қошидаги Минтақавий аксилтеррор тузилма кенгаши йиғини ўтказилганди.

Жорий йилда Ўзбекистон ШҲТда раислик қилади ва шу муносабат билан ташкилотнинг навбатдаги саммити Тошкентда 23-24 июнь кунлари бўлиб ўтади. Ушбу саммит натижаларидан бири ШҲТга Ҳиндистон ва Покистоннинг қўшилиши бўлиши мумкин.

2016 йил учун ШҲТнинг котиби этиб Тожикистоннинг Хитойдаги собиқ элчиси Рашид Алимов тайинланган.