Жаҳон | 18:08 / 13.04.2016
1880
1 дақиқада ўқилади

Франция Сурия сайловларини сохта деб ҳисоблайди

Франция ташқи ишлар вазирлиги Суриядаги парламент сайловларини Асад режими ташкил этган сохтакорлик, деб баҳолади. Reuters агентлигининг хабарларига кўра, тўлақонли сайловлар Суриянинг янги конституцияси қабул қилингандан кейингина ўтказилиши мумкин. Расмий Парижнинг нуқтаи-назари шундан иборат.

«Франция Башар Асад ҳукумати ташкил этган сайловларни танқид қилади. Овоз бериш жараёни ташвиқотсиз бўлиб ўтмоқда. Бундан ташқари, сайловлар халқаро кузатувчилар назоратидан холи», —деб қайд этган Франция ТИВ матбуот котиби Ромен Надаль.

13 апрель куни Сурияда 7 мингта сайлов участкалари очилгани, парламентнинг янги таркибини аниқлаб олиш учун овоз бериш жараёнини ёритиш мақсадида, Дамашқда медиа-марказ фаолият юритаётгани хабар қилинган эди.

Аввалроқ, Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров сайловлардан мақсад Суриядаги қонун чиқарувчи орган ўрнини тўлдиришдан иборатлигини айтган эди.