Давлат курсида валюта олиб бермоқчи бўлган фирибгарлар фаолиятига чек қўйилди
“Ҳуқуқ” нашри Давлат курсида валюта олиб бермоқчи бўлган фирибгарлар қилмиши ҳақида ёзди.
Шерзод киракашлик қилиб юриб, машинасига ўтирган Муҳайё билан танишиб қолади. Қизнинг ёлғондан банкда ишлашига ишониб, кунлардан бир кун қизга “300 доллар керак эди, давлат курсида банкдан олиб бера олмайсизми?”, дейди. “Майли пулингизни олиб келаверинг”, дея хотиржам гапни тугатади қиз.
Шерзод Муҳайёга 960 минг сўм олиб келади. Қиз пулни оларкан, “Тайёр бўлса айтаман”, деди. Сўнг шаҳардаги “қора бозор”га тушиб, ўзидан қўшиб таниши Шуҳрат Инъомовдан 300 АҚШ доллари сотиб олиб, уни йигитга берди. Сўнгра Шерзодга режасини айтди, йигит эса уни маъқуллади. Унинг киракашлиги фойда бериб, тезда пулини АҚШ долларига айлантирмоқчи бўлганлар кўпайиб кетди.
Уларнинг тўрига дастлаб Илёс Облақулов тушди. Шерзоднинг “Банкда танишим бор, пулингизни долларга алмаштирамиз”, деганига лаққа тушиб, 30 млн. 900 мингни тутқазиб юборди. Пул эса жиноий шериклар ўртасида тақсимланди.
Кейингиси Жавлон Қосимов бўлди. Унинг ишонувчанлиги 50 млн. 750 минг сўмнинг фирибгарлар қўлига тушишига сабаб бўлди.
Тез орада улар фуқаролар — Барно Ибрагимовадан 3 млн. 150 минг сўм, Санжар Худойқуловдан 7 млн. 350 минг сўм, Феруза Исмоиловадан 18 млн. 500 минг сўм, Улуғбек Ҳайитовдан 5 млн. 250 минг сўм, Озод Мусурмоновдан 16 млн. 100 минг сўм, Отабек Ҳидировдан 8 млн. 50 минг сўм, Ёрқин Маматқуловдан 7 млн. сўм, Икандар Одиловдан 9 млн. 45 минг сўм миқдоридаги пулларни олишга улгуришди.
Охир-оқибат фирибгарларнинг тузоғига илинган фуқаролар бу ҳақда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар қилди.
Суд Шерзод Абдуллаевни 7 йил, Муҳайё Ёдгоровани 3 йил-у 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилди. Уларга шериклик қилган Шуҳрат Инъомов эса энг кам иш ҳақининг 200 баравари миқдорида жаримага тортилди.