Ўзбекистон | 12:51 / 15.04.2016
3468
2 дақиқада ўқилади

Нурсултон Назарбоев: Мен қозоқ ва ўзбек халқи дўстлигидан фахрланаман

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев Тошкентга ташрифи доирасида Ўзбекистон президенти Ислом Каримов билан учрашди.

Оқ ўрда матбуот хизматининг хабар беришича, олий даражадаги учрашувда томонлар Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг турли соҳалардаги ўзаро ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболларини, томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалаларни муҳокама қилди.

Бундан ташқари, давлат раҳбарлари Афғонистонда “Толибон” кучайиши, Тошкентда бўлиб ўтадиган “ШҲТ” давлатлари саммити ва регионлаги иқтисодий вазиятни муҳокама қилишган.

Қозоғистон раҳбари икки давлат ўртасидаги тарихий алоқаларга урғу қаратган.

"Мустақиллик йилларида биз бу алоқаларни сақлабгина қолмасдан, янада яқинлашдик. Бизнинг муносабатларимиз амалда ортиқча шаклларни талаб этмайди ва қўшничилик асосига қурилган. Бу муҳим аҳамиятга эга. Мен сиз билан дўстлигимдан ва қозоқ ва ўзбек халқи дўстлигидан фахрланаман. Мақсадимиз бу муносабатларни ўзаро ишонч асосида янада мустаҳкамлаш, келгуси авлодга етказишдир. Барча қозоғистонликлар номидан ўзбек халқига фаровонлик ва муваффақиятлар тилайман", деган Нурсултон Назарбоев.