Жаҳон | 16:49 / 15.04.2016
1782
2 дақиқада ўқилади

Саудия Арабистонида Малайзия бош вазири ҳисобига йирик сумма ўтказилгани тасдиқланди

Ар-Риёдда Малайзия бош вазири Нажиб Раззоқнинг шахсий ҳисоб рақамига ҳомийлик ёрдами сифатида маълум миқдордаги маблағ ўтказилгани тасдиқланди. Bernama агентлигининг маълум қилишича, бу ҳақда малайзиялик журналистларга Саудия Арабистони ташқи ишлар вазири Одил ал-Жубайр маълум қилди.

"Бунинг орқасида ҳеч нарса йўқ, биз бунинг эвазига бирор нарса кутмагандик. Малайзия бош прокуратураси тергов натижаларига кўра ҳеч қандай жиноят изларини аниқламаганидан хабардормиз. Ар-Риёдда "бу масала ёпиқ" деб ҳисобланмоқда", деб айтди ал-Жубайр.

Аввалроқ Малайзия бош вазири девонхонасидаги вазир Азалина Отман Саид "2,6 млрд рингит (630 млн доллар) миқдоридаги маблағ Саудия Арабистонидан бирор-бир шартсиз ўтказилганини" маълум қилганди. Унинг айтишича, "Нажиб Раззоқ 2013 йил августда 2,03 млрд рингит (500 млн доллар) миқдоридаги ишлатилмаган маблағни Ар-Риёдга қайтариб берган".

Малайзия бош вазири ҳисоб рақамида катта пуллар борлиги ҳақида биринчи марта 2015 йилнинг ўрталарида Wall Street Journal маълум қилди. Мақола муаллифлари Нажиб Раззоқ давлат инвестицион фонди билан боғлиқ компаниялардан пуллар олганини таъкидлашган. Дастлаб Нажиб Раззоқ атрофи буни рад этган, бироқ жамоатчилик ва мухолифат босими остида Малайзиянинг Аксилкоррупцион бошқармаси, Марказий банки, бош прокуратураси, полицияси вакилларидан ташкил топган гуруҳ тергов ўтказган. Натижада кўрсатилган маблағлар ҳақиқатан ҳам Нажиб Раззоқ ҳисоб рақамида аниқланган.

Бироқ Нажиб Раззоқнинг тушунтиришича, "маблағлар на давлат инвестицион фонди, на бошқа жамоат ташкилотларининг пуллари ҳисобланади". Раззоқ пуллар Яқин Шарқдаги ҳомийлардан у бошқарадиган етакчи Бирлашган малай миллий ташкилоти эҳтиёжлари учун олинган.