Жаҳон | 11:37 / 16.04.2016
1718
2 дақиқада ўқилади

CNN: Саудия Арабистони АҚШнинг 750 млрд долларлик активларини сотиш билан таҳдид қилмоқда

Саудия арабистони АҚШ президенти маъмуриятини, Американинг ўзига тегишли 750 млрд долларлик активларини сотиши билан қўрқитмоқда. Ар-Риёд Обамадан, Саудия ҳукумати аъзоларини 2001 йил 11 сентябрь воқеаларига алоқадорликда айблаб, Америка судларида жавобгарликка тортишга имкон берувчи қонун лойиҳаси Конгресс томонидан тасдиқланишига имкон бермасликни талаб қилмоқда.

CNN телеканалининг хабар қилишича, "Пентагон ва Давлат департаменти вакиллари" махфий равишда Америка қонун чиқарувчилари билан бир неча бор учрашиб, ушбу қонун лойиҳасининг "оғир иқтисодий ва молиявий оқибатларидан огоҳлантиришган".

Гап шундаки, мазкур ҳужжат Америка парламенти томонидан тасдиқланса, Саудия Арабистонининг АҚШ ҳудудидаги барча активлари музлатилади. Ар-Риёд эса, бевосита шундай таҳдид пайдо бўладиган бўлса, АҚШ ғазначилиги активлари ҳам бўлган мулкини шунчаки сотиб қўя олади. Подшоҳлик ТИВ раҳбари Адел ал Жубайр ўтган ойда Вашингтонга қилган сафари чоғида Обама маъмуриятини шундан огоҳлантирган, деб аниқлик киритмоқда телекомпания.

Бундан аввал, Fox News телеканалига интервью берган собиқ сенатор Боб Грэмнинг айтишича, АҚШ президенти яқин кунларда, 2001 йил 11 сентябрь терактларига оид суриштирув ишларининг 28 саҳифасидан "мутлақ махфий"ликни бекор қилади. Ошкор этиладиган ушбу ҳужжатларда Саудия подшоҳлигининг терактларга алоқадорлигига оид далиллар келтирилган бўлиши эҳтимол.

Оқ уй матбуот хизмати маълум қилишича, Обама 21 апрел куни Саудия Арабистонига ташриф буюриб, подшоҳ Салмон бин Абдулазиз ал Сауд билан учрашади. Шунингдек, Форс кўрфази араб давлатлари кенгаши саммитида иштирок этади.