Жамият | 16:09 / 18.04.2016
8597
2 дақиқада ўқилади

Фаррух Зокировнинг таваллуд оқшоми 2 кун давом этди

Ўзбекистон халқ артисти Фаррух Зокиров таваллуд айёмининг асосий байрам тадбирлари кеча, 17 апрель куни пойтахтдаги International меҳмонхонасида бўлиб ўтди, дея маълум қилади “Qalampir.uz” сайти.

Кечага Ўзбекистон халқ артистлари Юлдуз Усмонова, Насиба Абдуллаева, Рушана Султонова, Озодбек Назарбеков, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Обид Асомов, Рашид Холиқов, Райҳон Ғаниева, хонандалар Шаҳзода, Фаррух Аҳмедов, Акбар Отамуҳаммедов ташриф буюришди.

Маълумотларга қараганда, тадбирга Сардор Раҳимхон, Улуғбек Раҳматуллаев, Манзура, Гулсанам Мамазоитова, Муниса Ризаева, Шоҳруҳхон, Зиёда каби хонандалар таклиф этилмаган.

International меҳмонхонаси тантаналар залининг фоеси худди катта тақдимот маросимларидагидек безатилган эди. У ерда Фаррух Зокировнинг тасвири туширилган иккита пластик ҳайкалчалар ўрнатилган бўлиб, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Обид Асомов бу ғояни ижтимоий тармоқлардаги шахсий саҳифаси орқали қуйидагича изоҳлади:

“Юбиляр” меҳмонлар билан бандлар. Ҳамманинг у киши билан расмга тушгиси келади бу тарихий кечада. Шунинг учун кираверишга кўпайтириб қўйишибди. Хоҳланг битта Фаррух ака билан тушинг, хоҳланг иккитаси билан... Ўзингдан кўпайгин дегани шу бўлса керак. Соғ бўлсинлар устоз, 100 га чиқсинлар. Уёғини ўшанда маслаҳат қиламиз”.
Фаррух Зокировнинг 70 ёшга тўлиши муносабати билан ташкил этилган тадбир тунги соат 02:00 га қадар давом этган.